Эроннинг 8 январь, чоршанба куни АҚШнинг Ироқдаги Асад ва Эрбилда жойлашган иккита ҳарбий базасига берган ракета зарбаси оқибатида 34 нафар америкалик ҳарбий жароҳатланган, деб хабар бермоқда Reuters Пентагонга таяниб.
«Коммерсантъ»нинг ёзишича, даставвал АҚШ ҳукумати 8 январь кечаси уюштирилган ҳужум оқибатида ҳеч ким жароҳат олмагани ва ҳалок бўлмаганини таъкидлаган эди. Ўтган ҳафтада эса АҚШ Мудофаа вазирлиги 11 нафар жароҳатланган ҳақида маълум қилган.
Пентагон расмий вакили Жонатан Ҳоффманнинг маълум қилишича, 34 нафар америкалик ҳарбийга бош мия шикастланиши ташхиси қўйилган. Уларнинг 17 нафари даволаниш учун Геманияга юборилган бўлиб, шулардан 8 нафари Америкага қайтиб келган, яна 9 нафари ҳали ҳам даволанишда давом этмоқда. Қолган 17 нафар ҳарбий Ироқда даволанган ва хизматга қайтган.
Эслатиб ўтамиз, 8 январь куни Эрон Исломий инқилоб муҳофизлари корпуси АҚШнинг Ироқдаги иккита ҳарбий базасига 10 дан ортиқ баллистик ракета учирганди. Бунга эронлик нуфузли генерал Қосим Сулаймонийнинг Трамп буйруғига кўра ўлдирилиши сабаб бўлган.
Изоҳ (0)