Ўзбекистонда 2019 йилда банк кассалари орқали ўртача ойлик нақд пул айланмаси 23,9 триллион сўмни ва йил бўйича жами 287,1 триллион сўмни ташкил этиб, 2017 йилга нисбатан 3,4 баробарга ва 2018 йилга нисбатан 1,7 баробарга кўпайди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан нақд пул муомаласи бўйича берилган шарҳда маълум қилинган.
Бунда муомалага чиқарилган пулларнинг қайтувчанлик коэффициенти 2017 йилда 86,6 фоизни, 2018 йилда 96,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 98,7 фоизгача кўтарилди.
Хусусан, 2019 йилда банклар орқали олинган нақд пуллар ҳажми 68,4 фоизга кўпайган бўлса, келиб тушган нақд пул маблағлари ҳажми 71,6 фоизга ошган.
Натижада муомаладаги нақд пуллар миқдорининг ўсиши 2019 йилда 9,4 фоизни ташкил этиб, 2018 йил (14 фоиз) ва 2017 йилларга (47,2 фоиз) нисбатан секинлашган.
2017 йилда ойлик банк тушумларининг муомаладаги нақд пулларга нисбати 18,6 фоиз бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич 2018 йилда 31,7 фоизга ва 2019 йилда 46,6 фоизга, жумладан, декабрь ойида 60,4 фоизга етди.
Мазкур тенденция нақдсиз ҳисоб-китобларнинг янги инструментлари ва механизмларининг жорий этиб борилиши, валюта бозорининг тобора эркинлашуви ва банкоматлар тармоғининг кенгайиши билан боғлиқ ўзгаришлар орқали изоҳланади.
Изоҳ (0)