Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Тошкент—Ўш» автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида аҳолини ва автотранспорт воситаларининг хавф-хатарсиз ҳаракатланишини таъминлаш юзасидан мониторинг ўтказиш, йўллардаги музламаларга қарши қордан тозалаш ишларини олиб бориш ва хавфли участкаларда қор кўчкиси, ер кўчкиси, тош тушиши хавфи юқори ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигига қаратилган огоҳлантириш белгилари ўрнатиш каби тадбирлар амалга оширлаётганини хабар қилди.
Шунингдек, вазирлик ахборот хизмати ҳайдовчиларнинг қор кўчкиси хавфи бор ҳудудларга ўрнатилган огоҳлантириш ва тақиқловчи йўл белгиларига қарамасдан автотранспорт воситаларини тўхтатаётгани ва хавфли участкаларда одамларнинг сайр қилаётгани, болаларнинг қор ўйнаётгани улар ҳаётига хавф солаётганини қайд этган.
Вазирлик автомобиль йўлининг 224—252-километрлари қор кўчкиси хавфи юқори ҳудудлар эканини маълум қилган.
Об-ҳавонинг кескин ўзгарувчанлиги, тоғ қияликларида қор массасининг ортиб кетиши, ҳудуднинг юқори нишаблилиги ҳамда автомобиль йўлида ҳаракат юкламасининг кўплиги сабабли мутахассислар автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларга:
йўл ҳаракати қоидалари ва белгиларига риоя қилган ҳолда ҳаракат хавфсизлиги қоидлаларига амал қилишни;
автомобиль йўлининг хавфли участкаларида тоғ қияликларига чиқмаслик, қор ўйнамаслик ҳамда автотранспорт воситасини ушбу жойларда тўхтатмасликни тавсия этган.
Изоҳ (0)