Наманганнинг Поп туманида мудҳиш қотиллик содир этилди. Хўранда овқатланиш шохобчасининг эгалари бўлган эр-хотинни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастурида маълум қилинди.
Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро Азиз Янгибоев Поп туманида яшовчи холасиникига борган. У йўлда овқатланиш учун халқ орасида «Вилка» деб аталувчи ошхонага киради. Бу ерда турли таомлар ва спиртли ичимлик буюртма қилади. Унинг овқатланиши узоқ вақт давом этади. Кайфи ошган хўрандага ишчилар ошхона ёпилаётганини айтади. Ўзини бошқара олмай қолган Азизни олиб кетиши учун унинг холасига қўнғироқ қилишади. Хўранданинг еган таоми ва ичимлигининг нархи 74 минг сўм бўлганини айтишади, шунда Азиз ёнида тўлаш учун пули йўқлигини, кафолат сифатида Redmi русумли телефонини ташлаб кетишини айтади.
Азиз холасиникига бориб, телефонини «залог»га ташлаб кетганидан ғазабланади. Шунда у холасиникидан пичоқ олиб ошхонага қайтиб боради. У ошхонанинг иккинчи қаватида ухлаб ётган ошхона эгалари— эр-хотинни пичоқлаган. Дастлаб у эркакнинг кўксига пичоқ уради, унинг бақириғидан уйғониб кетган хотини эрига ёрдам кўрсатишга ошиқади. Бироқ Азиз эр-хотиннинг дуч келган жойига пичоқ билан ураверади. Эр-хотин олган жароҳатлари оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган.
Азиз Янгибоев Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топилиб, узил-кесил 25 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)