Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб миллий давлатчиликни тиклаш, давлат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга киришилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати эслатмоқда.
Бунда асосий эътибор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, жумладан, прокуратура органларини собиқ Иттифоқ бўйсунувидан чиқариб, Ўзбекистоннинг миллий давлат органлари сифатида қайта ташкил этишга қаратилган.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида 1992 йил 8 январда Ўзбекистон Президентининг "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди ҳамда собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди.
Ўтган даврда прокуратура органларининг фаолияти ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб борилди.Шавкат Мирзиёев бошчилигида тараққиётнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Сўнгги уч йилда прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ 20 га яқин қонун, фармон, қарор ва фармойишнинг қабул қилинди.
Хусусан, Президент томонидан 2016 йил 19 декабрда «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Ушбу ҳужжат Шавкат Мирзиёев Президент сифатида имзолаган биринчи қонундир.
Прокуратура органлари ходимларининг касбий байрами сифатида белгиланган кун прокуратура органларида хизмат қиладиган барча ходимлар, жумладан, фахрийлари қалбидаги орзу-умидлар рўёбга чиққан қутлуғ санадир.
Прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар қилинмоқда ва муҳим натижаларга эришилмоқда.
Бугун прокуратура органлари ходимлари зиммаларига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришга садоқат ва юксак масъулият билан ёндашмоқда.
Биргина 2019 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 77 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 134 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.
20 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган, тегишли идораларга 16 мингга яқин тақдимномалар киритилган.
Қонун талабларини бузган 40 мингга яқин шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1709 та жиноят иши қўзғатилган.
Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида жами 2 триллион 300 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг қопланиши таъминланган.
«Прокуратура органлари ходимларини касб байрами билан табриклаб, ҳар бир ходим Президент таъкидлаганидек, олийжаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони бўлиб, фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилишида мувафаққиятлар тилаб қоламиз», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)