Ўзбекистонда қурилиш соҳаси бўйича Президент қарори қабул қилинади. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасининг ‘2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида’ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда айтилган.
Қайд этилишича, Қурилиш вазирлиги ва Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Қарор лойиҳаси қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, қурилиш меъёрлари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш, қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, ёлланма ишчиларнинг норасмий фаолиятини легаллаштиришга қаратилиши айтилади.
Сув хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар сув тежовчи технологияларни жорий этишга давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг ҳосилдорлик ошишига, сув ва моддий (электроэнергия, минерал ўғитлар ва бошқалар) ресурслар иқтисод қилинишига таъсирини мустақил консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда ўрганади ва 2020 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига сув тежовчи технологияларни жорий этишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
Мустақил консалтинг компанияларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамаси захира жамғармасидан қопланади.
Изоҳ (0)