26 декабрь куни халқаро пресс клубнинг партия лидерлари билан сайловнинг дастлабки натижаларига бағишланган навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияда партия лидерлари, вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси лидери Улуғбек Иноятов «Миллий тикланиш» демократик партияси лидери Алишер Қодировнинг депутатликка сайлана олмаганига қуйидагича изоҳ берди:
«Алишер Келдиевичнинг депутат сифатида сайлана олмаганлигига унинг популистлиги асосий сабаб бўлди. Сайлов кампанияси давомида ҳам унинг раҳбарлиги остидаги партия фақат популизм билан шуғулланди».
Унинг ушбу фикрига «Миллий тикланиш» демократик партияси лидери Алишер Қодиров «Популизм бу халққа хизмат қилишдир», дея жавоб қайтарди.
Аввалроқ партия раҳбарлари орасида фақат «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров бир уринишда депутатликка сайлана олмагани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис депутатлиги учун такрорий овоз бериш 22 эмас, 25 округда ўтказилади. Сайлов 5 январда бўлади.
Изоҳ (0)