«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2020 йилнинг баҳоридан бошлаб Озарбайжон ва Грузияга транзит поездларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Тошкентда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон ва Туркманистон темир йўллари раҳбарларининг беш мамлакат ўртасидаги халқаро мултимодал йўналишни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашуви бўлиб ўтди.
«Мултимодал йўналиш бўйлаб ҳаракатланувчи транзит контейнер поездининг йўлга қўйилиши 2020 йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган», — дейилади хабарда.
Учрашув давомида умумий транзит тариф ставкалари ва маршрут бўйлаб юк ташиш учун шарт-шароитларни белгилаб олинди, логистика инфратузилмаси муҳокама қилинди. Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон транспорт вазирлиги раислигида иштирок этувчи мамлакатлар темир йўллари раҳбарларидан таркиб топган мувофиқлаштириш қўмитасини тузишга келишиб олди.
Изоҳ (0)