Мигрантлар жамиятнинг ажралмас қисми, улар ўз юртлари ва ҳозирда яшаётган давлатларининг барқарор ривожи учун хизмат қилади. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 18 декабрь, чоршанба куни нишонланган Халқаро мигрант куни муносабати билан йўллаган баёнотида маълум қилди, дея хабар беради «Gazeta.uz».
Жорий йил ўрталаридаги ҳисоб-китобларга кўра, жаҳонда ватанини тарк этган ва хорижга йўл олган 270 миллион атрофида мигрант мавжуд. Улар дунё аҳолисининг 3,5 фоизини ташкил этади.
Бош котибнинг таъкидлашича, қочоқлардан фарқли ўлароқ мигрантлар бошқа мамлакатларга ҳаётидан хавфсирагани учун эмас, балки пул топиш ёки таълим учун йўл олади. Улар томонидан уйларига юборилаётган пул ўтказмалари ҳажми ривожланаётган давлатларга кўрсатилаётган расмий ёрдам миқдоридан уч баравар кўп. Ўтган йили бу сумма 689 миллиард долларни ташкил этган.
«Хавфсиз, тартибга солинган ва қонуний миграция умумманфаат учун хизмат қилади. Миграция масалаларидаги миллий устуворликлар эса халқаро ҳамкорлик асосида самаралироқ амалга оширилади», — дейилади Гутерришнинг баёнотида.
Изоҳ (0)