Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида юз берган авария туфайли Mega Planet савдо маркази яқинидаги кўчалар ёпилган, автобуслар маршрутларини ўзгартирган. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.
Ҳодиса гувоҳлари— яқин ҳудудда жойлашган дўконлар сотувчилари ва маҳаллий аҳоли вакиллари портлашни эслатувчи гумбурлаган овозни эшитганини айтган. Авария юз берган ҳудудга 10 тадан кўпроқ тез ёрдам машиналари етиб келган.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти узоқ давом этган ёмғир метро қурилаётган ҳудуддаги лоток ва бетон тўсиқ яқинидаги тупроқнинг юмшатиб, уларнинг қулашига сабаб бўлганини маълум қилган.
Қайд этилишича, метро қурилишида иштирок этаётган қурувчилар ўртасида йўқлама ўтказилган. Фақат беш киши фамилияси ўқилганида жавоб бермаган. Бироқ улар бошқа сабабга кўра йўқлама жараёнидан четда қолган бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирда ҳодиса жойида қутқарувчилар иш олиб бормоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати соат 13:17 да авария оқибатида ҳеч ким жабрланмагани ҳақида хабар берган эди. «Repost» ўз манбаларига асосланиб, авария оқибатида камида икки кишининг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
Изоҳ (0)