Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўлими ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда кучли таъсир этувчи дори-дармонларни ноқонуний сотадиган дорихоналар ходимларини аниқлаш мақсадида рейд ўтказди, деб хабар берди пойтахт ИИББ матбуот хизмати.
6 декабрь куни Яккасарой тумани Усмон Носир кўчасида жойлашган «Гули-канд плус» МЧЖ дорихонаси ходимлари 23 ёшли Ш.Н ва 29 ёшли Жасур.К махсус рецепт талаб қилмасдан кучли таъсир қилувчи «Регапен» препаратини сотаётгани аниқланди. Бундан ташқари ходимларнинг махсус фармацевтик маълумотга эга эмасликлари ҳам аниқланган.
Дорихона ходимларини қўлга олишда махсус кучлар иштирок этмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) бўйича Ш.Н. ва Ж.К. га нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Бундан ташқари, худди шундай жиноий фаолият ҳолатлари Учтепа туманида жойлашган «Беш плус мега фарм» МЧЖ дорихонасида ҳам аниқланиб, 658 дона «Регапен» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Чилонзор тумани 8-массивида жойлашган «Файз фарм» МЧЖ дорихонасидан ҳам 77 та «Регапен» ҳамда 36 та бошқа кучли таъсир қилувчи дори препаратларини мусодара қилган.
«Беш плус мега фарм» ва «Файз фарм» МЧЖ дорихоналари ишчилари 31 ёшли Б.Р. ва 23 ёшли А.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, содир этилган қилмишлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилига риоя этилиши таъминланмоқда, дейилади хабарда.
«Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Агар сиз дорихона ходими ‘Тропикамид’ ёки ‘Регапен’ дори воситасининг рецептсиз ёки дорихонадан ташқарида сотилаётганига гувоҳ бўлсангиз, 102 ёки 71-232-30-40, 71-232-40-50 телефон рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Уларга нисбатан қонун доирасида қатъий чоралар кўрилади» , — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)