Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда чорва молларига паспорт бериш ҳақидаги хабарлар турлича қарши олинмоқда. Бу масалани юморга айлантириб, ишланган видео ва расмлар оммалашмоқда.
ЎзА Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили Зайниддин Файзуллаевга мурожаат қилиб, ветеринария паспорти қандай мақсадда берилишига ойдинлик киритди.
Аксарият юртдошларимиз тасаввур қилаётганидек, бу ҳайвоннинг шахсини, пропискаси ва фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат эмас. Балки, ветеринария паспорти – идентификация қилинган ҳайвонларга расмийлаштирилган, ҳайвон эгасини белгиловчи, ҳайвонларнинг касалликларга қарши профилактикаси ва уларни даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат ҳисобланади. Ҳайвонларни касалликларга қарши эмланганлигини тасдиқлаш, уларнинг аниқ ҳисобини юритиш ва рўйхатга олинган ҳайвонлар тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантиришда паспорт расмийлаштириш жуда ҳам муҳим ва бир қанча муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.Бунда аввало, ҳар бир уй ҳайвонини назоратга олиш, унинг саломатлигини назорат қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади. Яъни ҳар бир ҳайвон тури туғилганда идентификация қилиниб, рўйхатга олинади, унинг қандай касалликларга чалингани, қачон эмлангани, қайд этиб борилади. Шу тариқа савдо дўконларидан гўшт маҳсулотлари харид қилаётганда уларнинг «тарихи»дан ҳам бохабар бўламиз.
Шунингдек, чорва маҳсулотларини хорижга экспорт қилишда бирмунча қулайликлар яратилади. Айни пайтда ўнлаб халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини яратиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга олиб чиқиш мақсадида грантлар ажратаётгани янада эътиборга молик.
Қайд этиш керакки, ҳозирда юртимизда 10,2 минг чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигида 17 минг қорамол, 21,7 мингта қўй ва эчки боқилмоқда. Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 74,7 миллиард сўмни 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 фоизга ўсди. Яъни 1,8 минг тонна гўшт ва 7,7 минг тонна сут етиштирилди.
Қорамолларнинг 94 фоизи, қўй ва эчкиларнинг 84 фоизи хонадонларда боқилаётгани ҳисобга олинадиган бўлса, ветеринария паспорти жорий этиш ишлари тезроқ ва тўғри амалга ошириш жуда муҳим.
Зайниддин Файзуллаев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили
Изоҳ (0)