Самарқанд вилоятида 24 ноябрь, якшанба куни юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 27 ёшли Тожикистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни тахминан соат 20:00 да Тожикистон фуқароси бўлган 27 ёшли ҳайдовчи Э.Н. Opel русумли автомашинасида Бухоро—Самарқанд йўналишида М-37 автомобиль йўлининг 141 километрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ухлаб қолган. Натижада ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи Э.Н. ҳодиса жойида вафот этган, автомашина йўловчиси 28 ёшли У.Қ. турли тан жароҳатлари билан Пахтачи туман марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 24 ноябрь куни Пахтачи туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)