Олмаота аэропортида ижтимоий тажриба ўтказилди: хавфсизлик хизмати ходимлари йўловчиларга ичига тўппонча муляжи ва кукунли пакет яширилган олмалар солинган қутини олиб ўтишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Informbyuro.kz» хабар бермоқда.
Фуқаро кийимидаги аэропорт ходими бир соат давомида 12 нафар йўловчига мурожаат қилди. 4 киши бунга рози бўлди ва қутини ўзининг юки сифатида топширди.
Кўрикдан сўнг улар юк бўлимига таклиф қилинди. Кўз ўнгиларида очилган қутидан олмалардан ташқари кукун солинган шаффоф пакет ва тўппонча топилди.
Жорий йил давомида Олмаота аэропортида йўловчилардан кейинчалик тақиқланган буюмлар топилган юк олиб ўтиш сўралган 15 та ҳолат қайд этилди. 2018 йилда бундай вазият уч маротаба рўй берганди.
«Ўзгаларнинг юкини олиб ўтишга рози бўлган йўловчилар ҳуқуқбузарлар қаторидан жой олиши мумкин. Чунки юк ичидан ман этилган буюмлар топилса, бунинг учун йўловчи жавобгар бўлади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)