Яманлик исёнчилар Қизил денгизда учта кемани эгаллаб олди, улардан бири Саудия Арабистонига қарашли. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди. Кемалар Яманнинг Салиф портига юборилган. Уч кеманинг иккитаси қайси давлат ёки компанияники экани очиқланмаган.
Саудия Арабистони бошқарувидаги коалиция хусийларнинг Жанубий Корея бурғулаш мосламасини тортувчи кемани эгаллаб олганини маълум қилган. Хусийлар вакили Reuters’га берган маълумотга кўра Қизил денгизда шубҳали кема эгаллаб олинган ва унинг экипажига нисбатан куч ишлатиб зўравонлик қилинмаяпти.
«Ансор Аллоҳ» ҳаракати иёнчи хусийлари ва ҳукумат ўртасида давом этаётган Ямандаги низо 2014 йилда бошланган. 2015 йилда ҳукумат қўшинларига Саудия Арабистони бошқарувидаги коалицион армия ҳам қўшилган. Шундан буён Араб коалицияси ва «Ансор Аллоҳ» ўзаро авиазарбалар алмашиб уруш олиб бормоқда. Сентябрь ўртасида хусий исёнчилари Саудия Арабистонининг икки улкан нефть заводига дронлар ҳужумини уюштирган.Saudi Aramco нефть заводларига ҳужум ҳақидаСентябрда Саудия Арабистонидаги Saudi Aramco нефть заводларига дронлар ҳужуми уюштирилиши натижасида мамлакатда нефтни ишлаб чиқариш икки бараварга қисқарган. Ҳужум бўйича масъулиятни Ямандаги хусий жангарилари ўз зиммасига олган, кейинроқ АҚШ ҳамда Саудия Арабистони ушбу ҳужумлар ортида Эрон турганини билдирган. 11 октябрда Қизил денгизда Саудия Арабистонининг Жидда портига яқин ҳудудда Эрон нефть танкерига ҳужум уюштирилган ва кемадаги нефтнинг муайян миқдори сувга оққан. Теҳрон ушбу ҳужум ортида АҚШ, Исроил ва Саудия Арабистони турганини билдирган.
Изоҳ (0)