Жорий йилнинг 14 август куни «Kun.uz» ходимлари Олмазор туман ҳокимлиги биноси ҳудудида журналистик фаолиятини олиб бораётганида туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобовнинг тўсқинлигига учраган, амалдор мухбирга ҳамла қилиб, техник ускуналарга шикаст этказганди. 15 август куни Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайт мухбирларини шаҳар ҳокимлиги биносига таклиф этган. Шаҳар ҳокими, мухбирлар, шаҳар ҳокимлиги ходимлари иштирокида кечган учрашувда айтилган гаплар сайт мухбири томонидан ёзиб олинган. 16 ноябрь куни интернетда сайт таҳририяти раҳбарияти иштирокисиз ушбу аудиоёзувдан юлиб олинган парчалар бирлаштирилган ҳолда тарқалиб кетди.
«Kun.uz» таҳририят холислик нуқтаи назаридан ҳоким билан ўша учрашув ҳақида тўлиқ картина ҳосил бўлиши учун аудиоёзув нисбатан тўлиқ ҳолда келтиради.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз сўзини бугунги кун журналистларини танқид қилиш билан бошлаган.
«Бизнинг давримизда битта нарсага ишонардик, ҳамма эргашарди, ишонарди. Битта иш бўларди, йўл қурилган, Фарғона канали қурилган, катта-катта ишлар бўлган. Мажбурий меҳнат, ҳашар. Бу қадриятимизку бизнинг. Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди булар.
Қадриятни йўқотдикку. Қадриятни йўқотдикку? Ота-онамизга хизматниям эртага мажбурият дейди. Қани энди ҳашар? Қани? Итам думи билан тозалаб ўтиради эшигини тегини. Энди кўчаси тугул, уйининг олдини тозалата олмаяпмизку болам?
Қадриятимизни йўқотдикку! Ким қилди буни? Сиз қилдингиз. У эрга бориб микрофон тутади, мажбурий меҳнат деб, бу мактабга боради...
Ўзимизнинг мактабимизда қорни ўзимиз курардикку, партани краскалардик, эшикни краскалардик, қабристонни тозалардик. Қани булар? Ким қилди буни? Ўзимизнинг ичимиздаги ўзбек, итнинг боллари қилди. Қадриятни билмаган.
Эртага, айтяпманку, худди Америкага ўхшаб, Англияга ўхшаб «дада, мени уришманг, ҳаққингиз йўқ» дейди. Қилади шу кетишда бўлса...
Динда ёзиб қўйилган, бировнинг қайғусининг устидан пул ишлаш, фойда топиш ҳақида нима дейилган... Мана, сиз биласиз, тўғрими, бу маънавият...
Йўқ бу нарса йўқ. Худо кўрсатмасин, эртага душман келса.. халқ билан ҳукуматни айириб қўйди.
Дилфузаям кўп марта айтган, матбуот билан яхши бўлишимиз керак, деб. Бир яхши бўласан, икки яхши бўласан, уч яхши бўласан.
Ман битта гапни айтай. Бир ҳафта олдин мани заводимда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ***дан олиб ***га солади. Монопол, Artel дабдала, деб!
Бир ҳафтадан кейин ўн минг доллар берсанг, ўша маҳсулотни мақтаб чиқади-да, реклама асосида дейди!
Ўзи улар ким? Улар учига чиққан маҳлуқлар!
Бир ҳафта олдин ёмонлаб туриб, бир ҳафтадан кейин пул эвазига ўша маҳсулотни яхшилайди.
Ким ўз улар? Онанинг боласими булар ё итнинг боласими?! Раз принципингда турсанг, тур охиригача. Тур. Мен пулга сотилмайман, маҳсулотингни ёмон, ёмонлигини тан оламан, маҳсулотингни омайман де.
Принцип йўқ, ифлос, бедолага! (қашшоқ). Бугун одам деб турганини эртага одаммас дейди. Вот қадрият.
Мана айб қатта. Ман нимадан қўрқаман. Манам ҳамма қатори одамман. Ман халққа нима ёмонлик қилдим? Биз ишладик холос, тўғрисини айтаман, ит кунида ишладик.
Биттаси ёзади, ишчиларни 12 соат ишлатяпти деб, биттаси ёзади овқат бермаяпти экан деб. Уч минг одам Россиядан келди, оиласи билан шу ерда яшаб ишлаяпти. Уч минг одам қайтиб келди Россиядан. Ҳеч ким буни ёзмайди. Фақат негатив. Сенсация.
Бу боланинг (Абдурасул Ваҳобов) қорайиб куйиб кетганини кўрдингизми? Эрталаб олтида чиқиб кетиб, кечаси ўн иккида келади уйига. Қирқ уч даража иссиқда, қирқ беш даража иссиқда кўчада юрганини кўрдингизми? Кўрмадинглар.
Бу бола менга ҳеч ким эмас. Тўғриси. Оти Абдулазизми, Абдурасулми, бугун билдим. Менга ҳеч ким эмас. Ярим соат гаплашиб жоним ачиди.
Муаммолар кўп. Қаерга кетяпмиз? Нима қиляпмиз? Тушуниб етмаяпман. Ниманинг иштирокчисимиз?
Майли йигитлар, ҳаётда ҳамма нарса бор. Вақтинча нарсалар бор. Ашулачилар бор, бир ашула айтади, кейин вақти ўтади. Лекин Шерали классика. Унинг ашуласи ўлмайди. Тўғрими?
Лекин биз ошириб юбордик эркинлик тегди деб. Исталган ашуламизни айтиб ташадик. Мана туркча кинолар кўпайиб кетувди, камайтиришди. Тўғри қилишди. Чунки ҳаддидан ошиб кетувди телеканаллар. Тўғрими? Ҳаддидан ошиб кетувди.
Биз ниманинг иштирокчисимиз бугун. Ишларимиз асослими? Ўн йилдан кейин ўзимизни қаерда кўрамиз? Биз бўламизми, бўмимизми? Халқ бизни қабул қиладими, йўқми? Биз бугун қўяётган фундамент ўн йилдан кейин бўладими? Ким биз ўзи? Халққа, миллатга фойдамиз тегяптими йўқми?
Тўғриси, ҳокимлар юра олмай қолди. Кесин, манга, бир ярим йилдан бери ишлайман, бир сўм пора оганини исбот қилиб берсин, бир сўм ҳаром еганини исбот қилиб берсин, мен отамнинг боласи эмасман. Отам қандай машҳур одам бўлган, шаҳарнинг забардаст одами бўлган, Тошкентни сўраган одамлардан бўлган.
Билмайман. Ўша болага раҳмим келди. Қалбим оғриди...
Ёзинглар, истаганларингча. Ҳеч ким олдингларни тўсаётгани йўқ. Лекин ҳар бир одам худонинг олдида ўзи жавоб беради.
Менга қизиқ, шунча тадбиркорнинг муаммоси туриб, битта ўшанинг иши билан борилган. Нима бор бу ерда, манфаат борми? Шахсий манфаат бор. Билмасам.
Бир томонлама ўрганасизлар. Иккинчи томонни ўрганмайсилар. Ҳокимият ҳудудида камера кўтариб юриш мумкинми? Қўлингда ҳужжатинг йўқ, форманг йўқ. Масалан, сенинг уйингга камера билан бора оламанми, укам? Қанақа реакция бўлади? Хафа бўласанми? Боре, камерангни йўқот дейсан, тўғрими?
Ҳужжат кўрсатмагансизлар. Этикада олдин рухсат сўраладими? Камерага оламиз деб. Рухсатсиз камерага олишга ҳаққинг борми?
Битта нарсага келишамиз, эркакча гаплашамиз, майлими? Бу ишни қонун доирасида ҳал қиламиз. Халқни аралаштирмаймиз, сайтга чиқармаймиз. Икки томоннинг ҳаракати ўрганилади. Қонун, суд нима деса шу бўлади. Бунга айб қўйилса шу жазони берамиз. Сан айбдор бўлсанг шу жазо. Фақат халқни аралаштирмаймиз. Суд билан ҳал қиламиз. Розимисан. Ҳеч қаерда ёзмайсан. Агар шу гап орада қоладиган бўлса. Охиригача оборамиз. Аллоҳ олдида сўз бераман, судга тазйиқ ўтказмайман.
Барчаси қонун бўйича. Агар бу айбдор бўлса буни ҳайдайман. Санда айб бўлса бундан кейин журналистлик қилмайсан. Жаримани тўлайсан, чиқасан ўйиндан. Нопрофессионаллик учун. Иккинчи журналистлик қилмайман деб айтасан хоҳласанг, айтмасангам майли. Розимисан шунга. Қўлни уз. Ташқарида халқ аралашмайди.
Мен журналистикани бугун ашула айтиб, эртага йўқ бўлиб кетадиган аҳволда кўришни хоҳламайман. Жиддий компаниялар бўлишини, жаҳонга чиқишини, ўзбекдан чиқишини хоҳлайман. Орзум шу.
Мен профессионал журналистларни қаттиқ ҳурмат қиламан. Профессионалларни. Масалан, Познерни эшитиб маза қиламан. У профессионал.
Лекин мен енгил-елпи материаллар билан буни (ҳоким ўринбосари) бервормайман. Шунчаки бериб юбормайман. Ўз ходимимни осонлик билан хафа қилдириб қўймайман.
Мен шундай қилишим мумкинки, сизлардан маҳалла воз кечади. Бу қўлимдан келади. Шундай қилишим мумкинки, ота-онанг бош кўтариб юролмай қолади.
Мен буни қилишим мумкин. Нима, менга сизларни гей деб эълон қилиш қийинми? Бу жуда осон. Осон. Сўз эркинлиги!
Мен олти сония ичида сизларни ичида гей ўтирган таксига ўтқазаман, бўлди! Сизларни фотосуратга олишади ва гей деб эълон қилишади. Технология!
Лекин мен бундай ифлослик қилмайман. Ота-онам мени бунга ўргатмаган.
Мен буни қила оламан. Олти секундда. Ташкиллаштира оламан. Лекин мен ундай одам эмасман. Тушунтира олдимми?!
Шунинг учун, бизга тош отишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринглар. Яхшиси биз билан ишланглар. Одамларда бизга нисбатан нафрат ишлатишдан кўра, қандайдир муаммо туғилса, бизга бу муаммони ечишда ёрдам беринглар», деган шаҳар ҳокими.
Шу ўринда ижтимоий тармоқда «Kun.uz» жамоасини мазкур мавзуни ёпиш қарори учун танқид қилаётганлардан бу қарорни тўғри тушуниши сўралади.
Тўлиқ аудиодан кейин ҳам шаҳар ҳокими томонидан мухбирларга тазйиқ ва таҳдид мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, сайт таҳририятининг шаҳар ҳокимида хусумати йўқ. Лекин адолат таъминланиши учун тегишли органлар ушбу фактга эътибор қаратиши ва муносабат билдиришини кутиб қолади.
Изоҳ (0)