Бухоро вилояти пахтакорлари 318 минг 300 тонналик хирмон билан 2019 йилги пахта хом ашёсини топшириш бўйича йиллик шартномавий режасини ортиғи билан бажарди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Уюшқоқлик билан бошланган йиғим-терим мавсумида жами 2120 та терим отряди 213 мингдан ортиқ теримчини ўзида бирлаштирди. Улар учун далада иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароит ҳозирлангани, териб топширилган ҳар килограмм пахта учун биринчи теримда 1000, иккинчи теримда 1200 сўм пахта пули берилгани кўзланган хирмонни ёғин-сочинли кунга қолдирмасдан, сифатли йиғиб олиш имконини берди ва теримчилар моддий манфаатдорлигини оширди.
Умуман, вилоятнинг йил якуни билан биргина пахтачиликдан олаётган даромади мутасаддилар ҳисоб-китобича, 1 триллион 309 миллион сўмдан ошади. Қўлга киритилаётган соф фойда эса 264 миллион сўмдан кам эмас.
«Эришилаётган бу каби муваффақиятларимиз халқимизнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, турмушимизни янада фаровон қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларига сарфланади, албатта», — дейилади хабарда.
Жорий йил Ўзбекистонда биринчи бўлиб пахта режасини Фарғона вилояти бажарган бўлса, ундан кейинги пешқадамликни Андижон вилояти қўлга киритди. Учинчи бўлиб Қорақалпоғистон Республикаси йиллик шартномавий режани 100,54 фоизга ортиғи билан бажарди.
Изоҳ (0)