ФВВ 11 ноябрь куни Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани, «Сурум» МФЙ, Намунали уй кўчасида жойлашган уйда содир бўлган портлаш сабабини маълум қилди. Ҳодиса оқибатида 2 фуқаро воқеа жойида вафот этган, 4 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилганди.
Вазирлик хабарига кўра, мазкур вазият юзасидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб, воқеанинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилди ва тахминий хулоса тақдим этилди. Унга кўра, газ қувурининг носозлиги туфайли, табиий газ ер ости орқали сизиб чиқиб, хонадонга тортилган канализация тизими орқали хоналар ичига тўпланган.
Содир бўлган чақнаш оқибатида эса уйнинг дераза ромлари, эшиклари, ётоқхонанинг деворлари ва шифти ҳосил бўлган кинетик зарба натижасида деформацияга учраб, отилиб кетган ва шифтдаги темир-бетон плиталари қулаб тушган.
Изоҳ (0)