Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бугун, 12 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги масала иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.
Асосий ўзгартиришга кўра, оилавий корхона эндиликда нотурар жой бино-иншоотларидан фойдаланганда ҳам коммунал инфратузилма хизматлари (электр энергияси, сув таъминоти, канализация, газ таъминоти ва иссиқлик таъминоти) ҳақини тўлашда аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлди.
Қонуннинг амалдаги 28-моддасига кўра, оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш, иш, хизмат бажаришдагина аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича амалга оширилар эди.
«Бу ўзгариш оилавий корхоналар сони ошиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшишига ишончим комил», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)