Тошкент вилояти ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида автомобиль йўлларида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга 365 мингдан ортиқ жарима белгиланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ҳозирги кунга келиб, ушбу белгиланган жарималарнинг 268 мингдан ортиғи ундирилди. Белгиланган жарималарнинг 32 мингдан зиёди жарима тўғрисидаги қарор чиқарилганига 60 кун бўлганлигига қарамасдан, улар ўз вақтида тўланмаган.
Ушбу содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарималарни ўз вақтида тўламаган ҳайдовчилардан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 3-моддаси, яъни айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига асосан жарималарни ундириш чоралари кўрилмоқда.
Тошкент вилоятининг халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларида Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда махсус рейд ташкил этилган. Рейдлар давомида 8 та Auto Con мосламаси ёрдамида қарздор ҳайдовчилар аниқланиб, шу жойнинг ўзида ташкил этилган «Сайёр касса»лар ёрдамида жарималар ундириб олинмоқда.
Шунингдек, жарималарни жойида тўлай олмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси талаблари асосида жарима ундирилгунга қадар жарима майдонларига жойлаштирилмоқда.
Изоҳ (0)