Октябрь ойида жаҳоннинг янги тарихида кўп муҳим воқеалар рўй берган. Аммо улар орасида Кариб инқирози ажралиб туради. Тарихчилар бу инқироз Учинчи жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкин бўлганини, томонларнинг муросасозлигигина дунёни ҳалокатдан қутқариб қолганини айтади.Тарих бу инсониятни мутлақо инсонийлаштириш жараёнидир.
Людвиг Феербах (1804-1872), немис файласуфи
«Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев шу воқеалар ҳақида ҳикоя қилади.
Қандай бошланган эди?
1962 йил 4 сентябрь санасида АҚШ президенти Жон Фицжеральд Кеннеди Кубада совет зенит-ракета тизимлари жойлаштирилиши борасида ўз хавотирларини билдирди; у Кастро режими куч ишлатиш ёки таҳдид билан мақсадига эриша олмаслигини, бунга қарши бутун ғарбий ярим шарни ҳимоя қилиш учун барча воситалардан фойдаланиши ҳақида баёнот берди.
12 сентябрь куни «ТАСС» ахборот агентлигида «Ҳозирда Кубага ҳужум қилиш мумкин эмас, агрессорнинг ҳар қандай ҳужуми жазосиз ва жавобсиз қолмайди», деган хабар тарқатилди. 1962 йилнинг куз фаслига бориб дунё ядро уруши бошланишига яқин эди.
1962 йил баҳор ойларида Совет раҳбарияти Озодлик оролида ўрта масофага учувчи ядро каллакларини жойлаштириш ғоясини муҳокама қила бошлади. Аксар тарихчилар фикрига кўра, бу ғоя 1960 йилнинг октябрь–ноябрь ойларида Совет Иттифоқига ташриф буюрган Эрнесто Че Геварага тегишли эди.Кариб инқирозининг энг асосий сабоғи умуман ҳеч қандай муаммонинг пайдо бўлишига йўл қўймасликдир.
Теодор Соренсен, америкалик юрист, Кеннедининг спичрайтери
Эҳтимол, Кубадаги Кастро режимини қулатиш тарафдори бўлган АҚШ ҳукумати баёнотлари натижасида бу фикрни қўллаб-қувватлангандир. Аммо Совет Иттифоқи раҳбараиятида 1961 йилга қадар токи АҚШ Туркия ҳудудида ракеталарини жойлаштиришни бошлагунга қадар Кубада ядровий ракеталарни жойлаштириш ғояси мавжуд бўлмаган. Уруш хавфи келиб чиқадиган бўлса, у ўз ракеталарини Туркия ҳудудидан СССР ҳудудига учириш имконига эга бўлар эди. СССР раҳбарияти наздида, қарши жавоб қилиш учун Кубада ядро ракеталарини ўрнатиш мақсадга мувофиқ эди.
Май ойи охирлари ва июнь ва июнь ойи бошларида Куба ҳукумати розилиги билан СССР Озодлик оролига ядро ракеталарини олиб кириш ҳаракатини бошлаб юборди. Шўро ҳукумати ҳарбий штати бу борада «Анадирь» махфий режасини ишлаб чиқди. «Узоқ Шарққа йўл оляпмиз», деб ўйлаган шахсий таркиб қисмлари ва техник ходимлар қаерга бориб қолиши ҳақида ҳам тасаввурга эга эмас эди. Уларни хавотирга солмаслик учун кемаларга кўп миқдорда мўйнали шубалар ва иссиқ кийимлар ҳам ортилганди. Экипажга кундуз кунлари палубага чиқиш тақиқланган эди.
Албатта, АҚШ махсус хизматларидан бундай миқдордаги ҳарбий куч кўчишини яшириб бўлмас эди. Аммо АҚШ ҳукумати октябрь ойининг бошларига қадар гап ҳарбий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳақида кетяпти деб ўйлаган. Кеннеди баёнотида СССР Кубага ядро каллаклари олиб келган тақдирдагина вазият жиддий тус олиши ҳақида гапирди.
«ТАСС» агентлиги эса 12 сентябрда Кеннедининг чиқишига жавоб тариқасида «Ядровий қуролларимиз шу даражада кучлики, уларни Иттифоқ ҳудудидан бошқа жойга жойлаштириш ҳақида ўйланишга муҳтож эмасмиз» деб ёзиб чиқди. Бу орада «Омск» теплоходи Кубанинг Касильда портига 51-ракета ҳарбий бўлинмасининг илк ракеталарини олиб бориб қўйганди.
Тугмалар босилиши мумкин бўлган икки ҳафта
1962 йилнинг 14 октябрида АҚШ ҳаво-разведка учоқлари Куба ҳудуди устида разведка амалиётларини бошлаб юборди. Бу учишлар сал олдинроқ – 5 сентябрда Кеннеди ҳукумати томонидан вазиятни жиддийлаштирмаслик мақсадида тўхтатиб қўйилганди. Разведка эса русларнинг P-12 ва P-14 ўрта масофага учувчи ядро ракеталари учун майдон ҳозирлаб қўйилгани ҳақидаги фотосуратларга эга бўлганди.
АҚШ президенти чақирган хавфсизлик кенгаши йиғилишида махсус гуруҳ аъзолари Кубани блокада қилиш ва ҳарбий ҳужум уюштириш режасини таклиф қилди. 22 октябрь санасида Кеннеди америкаликларга телемурожаат йўлларкан, рус ядро ракеталари АҚШ ҳудудидан бир неча ўн километр масофа узоқликда жойлаштирилгани ва денгиз блокадаси бошланиши ҳақида хабар қилди.
23 октябрь куни президентнинг укаси Роберт Кеннеди СССРнинг Вашингтондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Анатолий Добрининга 24 октябрь эрталабки соат 10:00 дан бошлаб Америка ҳарбий кемалари Кубага йўл олган кемаларни қўлга олишни бошлаши ҳақида хабар қилди. Элчи Добринин, ўз навбатида, рус денгизчиларига америкаликларнинг буйруқ ва кўрсатмаларига ҳар қандай ҳолатда итоат этмасликни уқтирди. Шу тариқа 24 октябрь куни Совет Иттифоқининг ядро каллаклари ортилган «Александровск», «Артёмск», «Николаев», «Дубна», «Дивногорск» кемалари Кубага кириб келди. Бошқа кемаларга эса ортга қайтиш буйруғи берилди.
25 октябрда АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Артур Жозеф Голдберг СССРни Кубага ядровий ракеталар жойлаштирганликда айблаб чиқди. Айнан шу пайтда Америка ва Иттифоқ раҳбарлари бир-бирларини аввалроқ ўйланган режалар – ракеталарни жойлаштириш, денгиз блокадаси ва оролга бостириб кириш ғоясидан қайтаришга уриниб кўришди.
Кариб инқирозининг кулминацион нуқтаси 27 октябрга тўғри келади. Совет Иттифоқи ҳарбий кучлари АҚШ ҳаво кучларига қарашли U-2 айғоқчи учоғини уриб туширди. Учоқ бошқарувчиси майор Андерсен ҳалок бўлди. Куба ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари яна бир нечта Америка айғоқчи учоқларига қарши ўт очди. Бу пайтда эса АҚШ ва СССР раҳбарлари ён бериш имконияти шартларини қизғин муҳокама қиларди.27 октябрь кеч оқшомида Роберт Кеннеди мени ўз хонасига таклиф қилди. Унинг кабинети тартибсиз, тўзиб ётар эди. Диванда эса ғижим ёпинғич ётар, афтидан, кабинет эгаси шу ерда ухлаган эди.
Анатолий Добринин
Бир нарсани эсдан чиқармаслик керак: Жон Кеннеди ва Никита Хрушчёв ўз мамлакатларида қатъий чоралар тарафдори бўлганларнинг ички сиёсий босимини ҳам ҳис қилиб турар эди. АҚШ президенти Кубадан рус ядро ракеталари олиб чиқиб кетилишини талаб қилса, Совет Иттифоқи ундан Кастро ҳукуматига ҳужум қилинмаслигини, денгиз блокадаси бекор қилинишини ва Туркиядан Америка ракеталари олиб чиқиб кетилишини талаб қилаётганди.
27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси Роберт Кеннеди Анатолий Добринин билан яна бир марта учрашиб, АҚШ тарафи СССР илгари сураётган шартларга рози эканини билдирди. Добринин Компартия сездини ўтказаётган Хрушчёв билан дарҳол боғланиб, вазиятдан огоҳ этди. Совет Иттифоқи раҳбари муросага режасини дарҳол маъқуллади. Кубада Совет қўшинларига қўмондонлик қилаётган генерал Иссе Плиевга Хрушчёв дарҳол Америка учоқларига ҳужум уюштирмаслик ҳақида буйруқ юборди. Дунё шу ондан эркин нафас ола бошлади.
Кариб инқирози сабоқлари
Кариб инқирози икки қудратли давлат ва иттифоқчиларининг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги илк тўқнашуви бўлди. Бу ҳолат икки давлат раҳбарларини мураккаб танлов остида қолдирди: ё ядро уруши содир бўлишига йўл қўйиш, ёки вазиятни муроса ёрдамида ҳал этиш. Шу билан бир вақтда инқироз икки давлат раҳбарларини халқаро мувозанатни бузувчи фитналарга учмасликка ўргатди. Назаримда, айнан шу инқироз кейинчалик – 1960–1980-йиллардаги Совет – Америка муносабатларида кузатилган илиқлик ва борди-келди муносабатларига замин яратди.Ақл ва идрок бизни қутқара олмайди. Кариб инқирозини бартараф қилишда бизга омад ёрдам берди. Ядро урушининг олдини бахтли тасодиф олди. Кеннеди, Хрушчёв, Кастро – барчаси идрокли шахслар эди-ку. Идрокли инсонлар дунёни ҳалокат ёқасига келтирди. Бу бугун ҳам қайтарилиши мумкин.
Роберт Макнамара, 1961–1968 йилларда АҚШ Мудофаа вазири
АҚШнинг стратегик қуролланиш борасидаги имкониятлари Совет Иттифоқиникидан анча устун бўлса-да, президент Кеннеди миллионлаб америкаликларнинг келажагини ҳал қилишга ожизлигини сезди ва музокаралар томон қадам ташлади.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Изоҳ (0)