Бўстонлиқ туманидан Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётганида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган фуқарони уриб юбориб, жабрланувчининг ҳаётини хавф остида қолдирган ҳолда воқеа жойидан қочиб кетган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
19 октябрь куни соат тунги 01:00 ларда номаълум автомашина ҳайдовчиси Юқоричирчиқ туманидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р12 «Бектемир—Чирчиқ—Ғазалкент—Чорбоғ» автомобиль йўлининг 10-километрида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 1971 йилда туғилган фуқаро Х.И.ни уриб юбориб, қочиб кетган.
Натижада пиёда бош мия чайқалиши, бир неча қовурғалар синиши ва бир неча бошқа жароҳатлар билан оғир аҳволда Юқоричирчиқ тумани марказий шифохонасига жойлаштирилган.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ва қидирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида пиёдани уриб юборган автомашина маркаси ва унинг ҳайдовчиси аниқланган.
Мазкур йўл транспорт ҳодисасини 1988 йилда туғилган А.Б. ўз бошқарувидаги «GBA SPG ГАЗ 3302000288» русумли автомашинасида содир этганлиги, воқеа жойида қолган бўлаклар ушбу автомашинага тегишли эканлиги далилий ашё сифатида аниқланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Жиноят кодексининг 117-моддасига кўра («Хавф остида қолдириш»), ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёки айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Изоҳ (0)