Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани аҳолиси бир неча йилдан бери носоз кўприк муаммосидан азият чекиб келмоқда. Бу ҳақда «Ёшлар» телеканалининг «Янги давр» кўрсатувида маълум қилинди.
«Нега энди ҳар куни мактабга бориб келадиган ўқувчилар ҳаётини хавф остига қўйиб таъмирталаб кўприкдан ўтиши керак. Масъул мутасаддилар эътибори қачон мазкур вазиятга қаратилади?», — дейилади репортажда.
Қайд этилишича, ушбу носоз кўприкдан, асосан, Тойлоқ тумани Найман маҳалласи, Самарқанд тумани Гулобод, Мирзаобод маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли фойдаланади.
«Бу кўприк 2—3 аср аввал қурилган. Ҳар кузда ўзимиз пул йиғиб кўприкни таъмирлатамиз. Лекин ҳозир кўприк жудаям аянчли аҳволда. Ҳокимиятга бориб, мурожаат қилдик. Борамиз, кўрамиз деган мазмундаги хат келди. Мутасаддилар келиб кўргани йўқ.
Ҳозир сув камайди, бир амаллаб ўтса бўлади, сув кўпайса бу ердан ўтишга ҳамма қўрқади. Маҳалламиздаги бир-икки киши кўприкдан ўтаётганда сувга тушиб кетди. Тушиб кетган одамни қутқаришнинг иложи йўқ бу ерда», — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Худойберди Шарипов.
Қайд этилишича, қишда ёғингарчилик шароитида ушбу кўприкдан умуман ўтиб бўлмайди. Чунки кўприкнинг ёғочдан ясалган устки қисми сирпанчиқ бўлиб қолади. Агар кўприкдан ўтмасдан канални кесиб ўтмоқчи бўлишса, 20 километр масофа босиб ўтиш керак, дейилади репортажда.
Туман 4-сектор раҳбари Шуҳрат Шариповнинг таъкидлашича, ушбу муаммо бўйича фуқаролардан унга ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.
«Мен кўприкнинг қандай аҳволдалигини биламан, ўз кўзим билан кўрганман. Уни таъмирлаш ишларини имкон қадар тезроқ бошлашга ҳаракат қиламиз», — дейди Шуҳрат Шарипов.
Изоҳ (0)