Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.
Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир.
Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.
Ўтмишда ўлкамизни босиб олган турли ёвуз кучлар бизни аввало ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, дину диёнатимиздан жудо қилишга қайта-қайта уриндилар. Улар эл-юртимиз бошига қандай азоб-уқубатлар, кулфат ва мусибатлар солгани тарихдан яхши маълум.
Аммо жасур ва матонатли халқимиз ҳар қандай оғир синовларда ҳам ўз озодлиги ва истиқлоли учун мардона курашди. Бу йўлда беҳисоб қурбонлар берди. Ҳар қандай зулм ва зўравонликларга қарамасдан, ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Нафақат сақлаб қолди, балки уни ҳар томонлама ривожлантириб, бугунги авлодларга безавол етказиб берди.
Бу борада маънавий жасорат ва фидойилик кўрсатган буюк арбобларимиз, адиб ва олимларимиз, уламоларимиз, улуғ санъаткорларимизнинг хотирасини бугун ҳурмат ва эҳтиром билан ёд этамиз.
Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти
Изоҳ (0)