Марказий банк бошқарувининг қарори билан қайта молиялаш ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди. Бунинг сабабларини Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати департаменти директори Беҳзод Ҳамроев изоҳлади, деб ёзмоқда ЎзА.
Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, бунинг бир нечта омили мавжуд. Дастлабки етти ойда инфляцион жараёнлар меъёрида ўзгариб борди. Унга кўра, йиллик прогноз 13,5—15,5 фоиз оралиғида бўлиши кутилган эди. Бироқ, кейинги ойларда инфляция баъзи бир хатарлар асосида тезлашиб кетган. Лекин, ўтган ойда у яна секинлашди. Ҳозирда мақсад сифатида йил охирига қадар истеъмол нархлари ўсиш суръатини босқичма-босқич секинлаштириб, инфляцияни 15,5 фоизга яқин даражада шакллантириш белгиланган.
Қайд этилишича, агарда ҳозирги шароитда яъни инфляция юқори бўлган вақтда ставка кўтарилса, бу кредит бозорида маълум бир масалаларни келтириб чиқариши мумкин. Чунки аҳолининг маълум бир қатлами имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга. Яна бир қисми эса тижорат кредити олади. Қайта молиялаш ошса, тижорат кредити оладиганларга у жуда қимматга тушади.
Беҳзод Ҳамроевнинг қўшимча қилишича, валюта курси ҳозирги каби ўзгаришда давом этса, долларда кредит олганларнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир қилади. Ана шу каби омиллар ўрганилган ва шунинг учун қайта молиялаш ставкаси 16 фоиз даражасида сақлаб қолинган.
Изоҳ (0)