ИИВ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси ташаббуси билан 17 октябрь, пайшанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани ўтказилди.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, унда прописка масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Хусусан, кеча Марказий банк қарори билан фуқаролар доимий пропискасидан қатъи назар исталган ҳудуддан кредит олиши мумкин бўлганлиги ёдга олиниб, худди шу каби фуқароларга паспорт ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳам исталган ҳудуддан олиш имконияти яратилиши эҳтимоли ҳақида сўралди. Шунда масалан, Тошкент шаҳрида яшайдиган фуқаро вилоятга боришга мажбур бўлмаслиги айтилди.
ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Нодир Зиёев бунга қуйидагича жавоб берган:
«Бу масала жуда ўринли ва бизнинг кун тартибимизда бор. Ҳозирда ушбу тизимни жорий этиш бўйича тегишли ишларни амалга оширяпмиз. Тез орада паспортни нафақат доимий пропискага қўйилган ҳудуддан, балки вақтинча рўйхатдан ўтган ҳудуддан ҳам олиш имкониятини яратиш бўйича таклифлар киритилади».
«Прописка режими нима учун керак? Агар хавфсизлик учун дейилса, унда наҳотки Ватанимиз ички тинчлигининг энг катта устуни ва гарови бўлган ички ишлар органлари мана шу Конституцияга зид бўлган прописка тартибисиз хавфсизликни таъминлай олмайдими?» деган саволга Нодир Зиёев «Биз ижрочимиз. Шунақа қонун қабул қилинган, биз шуни ижро этамиз холос», дея жавоб берган.
Изоҳ (0)