Тошкент шаҳрида тадбиркорлик учун ер олиш аукцион орқали амалга ошириладиган бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Президентининг фармонига мувофиқ, 2018 йилнинг августидан Тошкент шаҳрида тадбиркорларга эксперимент тариқасида тўғридан-тўғри музокаралар орқали ер бериш тартиби жорий қилинган эди. 2019 йилнинг августигача 775 та лойиҳа муҳокама қилиниб, ижобий хулоса олинган.
775 нафар тадбиркорга ер ажратиш бўйича қарор қабул қилинди. 2019 йилнинг август ойида эксперимент тугади ва октябрдан тадбиркорлик учун ер олиш аукцион орқали амалга ошириладиган бўлди. Ҳозир бу борада ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
«Бу янги тажриба бўлиб, бундай амалиёт аввал қўлланилмаган. Тошкент шаҳридаги ерлар очиқ аукционга қўйилади. Тадбиркорлик қиламан, ер керак деган тадбиркор ҳокимиятга, ягона дарчага ва бошқа ташкилотларга боришининг ҳожати йўқ. Эндиликда уйида ўтирган жойида e.ijro auksion.uz порталига кириб, рўйхатдан ўтиб, ер олиш имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.
Аукционда ер сотишдан тушган маблағлар махсус жамғармага жамланади ва бу фонд давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер майдонлари зарур бўлганда бузилишга тушган хонадонлар ёки бинолар эгаларига етказилган зарарни қоплаш учун, компенсацияси сифатида сарф қилинади. Яқин кунларда аукционга ерлар чиқарилиши бошланади. Аукционда иштирок этиш истагини билдирган шахслар ўз ҳисоб рақамига кафолат суммаси қўйиши керак.
Ҳозирда Тошкент шаҳрида давлат мулки ҳисобланган 48 та объектлар бўш. Агар вазирлик ва бошқа идоралар улардан мақсадли фойдаланмаса ҳамда тегишли чораларни кўрмаса, улар ҳокимият балансига ўтказилади ва аукционга қўйилади.
Изоҳ (0)