Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
3 октябрь куни Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида М.Н. исмли фуқаро бошқарувидаги Lada XRay русумли автоулов қўшни давлатга ўтиш мақсадида ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатиган.
Автоуловни тўхтатиш жараёнида ҳайдовчи М.Н. мазкур автоуловдан ўрамларни олиб, қир-адирга яширишга уринган вақтида қўлга олинган.
Қора пакетларга солинган мазкур ўрамлар қонунбузарнинг ўзи ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларда жами 516 486 АҚШ доллари мавжудлиги ва мазкур нақд хорижий валюталарни қўшни давлатга ноқонуний олиб чиқиш режалаштирилганлиги аниқланди.
Ҳозирда қонунбузардан нақд хорижий валюталар ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)