Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда чоп этилган рўмол ўрайдиган Қўқон шаҳри мактаб ўқувчиларининг рўйхатлари хусусидаги мақола юзасидан расмий баёнот берди.
«Шаҳримиз ёшларини ҳар томонлама баркамол инсон қилиб вояга етказиш, уларнинг турли соҳалардаги иқтидорларини рўёбга чиқариш, қизиқишларини ўрганиш ва турли ноқонуний диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишларининг олдини олиш мақсадида шаҳримиз таълим муассасалари ўқувчиларининг қизиқишлари ва хулқ-атвори доимий мониторинг қилиб борилади.
Ёшларимизнинг қизиқишларидан келиб чиқиб иқтидорлиларини тўғри йўналтириш мақсадида информацион технологияларга, санъатга ва бошқа соҳаларга қизиқадиган ёшларнинг рўйхатлари шакллантирилади.
Хусусан динга, рўмол ўрашга қизиқадиган мактаб ўқувчиларининг рўйхати улар ўртасида экстремистик ғоялар томир отишининг олдини олиш, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини тушунтириш, ёшларни, авваламбор, билим олишга қизиқишларини ошириш мақсадида тузилади.
Ушбу рўйхатларнинг маҳалла фуқаролари йиғинларига тақдим этилиши таълим-тарбия ишларига ёшларнинг ота-оналарини ҳам жалб қилишни назарда тутади ва маҳалла фуқаролари йиғинлари раисларининг ёшлар ҳамда диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосарларининг вазифасига киради.
Ёшларнинг ушбу рўйхатларда келтирилиши уларнинг тарбиясини мактаб, маҳалла ва ота-оналар ҳамкорлигида самарали ташкил этишни назарда тутади ва ҳеч қандай салбий маънога эга эмас. Ушбу ёшларнинг ота-оналарига фарзанд тарбияси бўйича тавсиялар берилиши назарда тутилган бўлиб, уларнинг турли рўйхатларга киритилишидан хавотирга ўрин йўқ», — дейилади баёнотда.
Изоҳ (0)