Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқи кафолатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қарор лойиҳасига кўра, ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши фақат мулк эгаси ёки доимий фойдаланувчи розилиги билан халқ депутатлари кенгаши қарори ёки Президент ва ҳукумат қарори билан амалга оширилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ёки туман-шаҳар ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкаларидаги кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиши адлия органларининг ҳуқуқий экспертизасидан сўнг ижобий хулоса мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
Ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк эгаси ўртасида тузиладиган келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқдан ўтиши лозим. Бунинг учун бож тўлови ташаббускор томонидан тўланади.
Ҳужжат лойиҳасида кўчмас мулк объекти бузилиши ҳақидаги қарор фақат унинг эгасига тўлиқ компенсация тақдим этилганидан сўнг қабул қилиниши белгилаб қўйилмоқда.
Изоҳ (0)