12 сентябрь куни Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ПҚ – 4447-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган (резервга, истеъфога бўшатилган) шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги 10 ва ундан ортиқ календарь йилга етганда (эски таҳрирда 20 йил этиб белгиланган) Ўзбекистон уй-жой қонунчилигида кўзда тутилган меъёр ва тартибларга мувофиқ ўзлари эгаллаб турган турар жойини бепул хусусийлаштириб олиш ҳуқуқига эгаликлари белгилаб қўйилди.
Шунингдек, вазирлик томонидан уй-жой билан таъминланмаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга уларнинг аризасига биноан тақдим қилинаётган уй-жойни умумий қийматининг 25 фоиздан 50 фоизгача миқдордаги дастлабки бадал пулини давлат бюджети маблағлари ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаш йўли билан узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитини бериш тизими бўйича тураржойлар берилиши мумкинлиги тўғрисидаги янги норма киритилди.
Қолаверса, катта офицер ва генераллар таркиби билан бир қаторда резервга (истеъфога) бўшатилганидан (чиқарилганидан) сўнг ҳарбий-тиббий муассасалардаги бепул тиббий таъминотдан фойдаланиш ҳуқуқи хизмат йилларининг умумий давомийлиги 20 йил ва ундан ортиқ бўлган кичик офицерлар, сержант ва оддий аскарлар таркибига нисбатан ҳам татбиқ этиладиган бўлди.
Изоҳ (0)