АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасига Афғонистон билан чегарадаги «Айритом» кўпригида радиацияни аниқлаш учун ускуна тақдим этди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
16 сентябрь куни бўлиб ўтган ускунани топшириш маросимида АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм ва Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Эргашев иштирок этди.
«Радиацияни аниқловчи ушбу ускуна Ўзбекистонга муҳим халқаро чегара пунктида радиоактив материал контрабандасига қарши курашда ёрдам беради. У автомобиль ва йўловчилар, мобил детексион тизимлар ва қўл/портатив детекторларни сканердан ўтказувчи радиацион портал мониторларни ўз ичига олади», — дейилади хабарда.
Элчихонанинг қайд этишича, ускуна кўп йиллик, кўп миллион долларлик лойиҳанинг биринчи фазаси бўлиб, унинг доирасида АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмуриятига қарашли ядро контрабандасини аниқлаш ва ушлаб қолиш идораси бошқа стратегик чегара ўтиш пунктларини ҳам радиацион портал мониторлари билан жиҳозлайди.
Изоҳ (0)