Марс қурғоқчил сайёра бўлиб, саҳродан иборат. Унинг сирти қизғиш қумтепаликлардан иборат бўлиб, сув фақат муз ва абадий яхлик шаклида мавжуд.
Бир тарафдан, мазкур шароитлар сайёрага ташрифни мушкуллаштиришади. Бошқа тарафдан эса, айнан шу шароитлар туфайли Марс релефининг ўзига хосликлари жуда яхши сақланади. Масалан, Mars Reconnaissance Orbiter бортига ўрнатилган HiRiSE аппарати тасвирга олган қуйидаги суратдаги томчига ўхшаш қумтепаликлар шундай ўзига хос рельеф объектларидир.
Ушбу «томчилар» оливинга бой қумтепаликларнинг белгиси ҳисобланади. Бундай қумтепалар Ердаги саҳроларда ҳам ҳосил бўлади; лекин унга биз деярли дуч келмаймиз. Сабаби, қумтепанинг бу шаклга киришига сабаб бўлувчи минерал намликка ўта чидамсиз ва арзимас намлик таъсирида ҳам дарров тупроққа айланиб кетади.
Оливин одатда вулқон отилишидан ҳосил бўладиган тошлар таркибида учрайдиган минераллар гуруҳи бўлиб, бундай номга эга бўлишига сабаб унинг рангидир. Ранг эса албатта минералнинг кимёвий таркибига боғлиқ. Оливин таркибида силикат (SiO4) ё магний, ё темир билан бириккан бўлади ва, шунга мувофиқ, Mg2SiO4 ёки Fe2SiO4 формулага эга бўлади. Ерда эса оливин қорамтир вулқон тошлари таркибида учрайди ва магма қотаётган пайтда энг биринчилардан бўлиб кристалланади.
Юқорида айтилганидек, оливин Ер шароитидаги энг беқарор кучсиз минераллардан бири бўлиб, об-ҳаво шароитлари ва намлик таъсирида у жуда тез равишда тупроқ ва лойга қоришиб, темир оксиди ва ёки ферригидритларга (иддингцит) айланиб кетади.
Оливин конлари, шунингдек, Ойда, метеоритларда, Марсда ва ҳатто 2005 йилда япон космик аппарати Хаябуса учиб борган Итокава астероидида ҳам аниқланган. Астероидлар моҳиятан Қуёш системасининг барпо қилинишидан ортиб қолган «қурилиш чиқитлари» деб тасаввур қилинишига асосланадиган бўлсак, демак, оливин минераллари жуда қадимги замондан буён мавжуд бўлиши мумкин экан.
Оливиннинг намлик таъсирида парчаланиб, иддингцитга айланиши эса жуда ажойиб бир муҳим «индикатор» вазифасини ҳам ўтайди. Яъни, муайян осмон жисмида иддингцит аниқланса, демак, унда қачонлардир сув бўлган ёки ҳозир ҳам бор деб қўрқмай хулоса қилиш мумкин. Ой ва Марсда иддингсит аниқланганлиги эса ушбу осмон жисмларида бир замонлар, узоқ ўтмишда сув бўлганидан даракдир. Марсдаги томчисимон қумтепаликларни ҳосил қилган оливин минералларини ўрганиш орқали олимлар Марс айнан қачон ўзининг яшнаган қиёфасидан мосуво бўлиб, бийдек қурғоқчил чўлга айланганини ҳисоблаб топишлари мумкин.
Манба: Universe today
Изоҳ (0)