Августнинг охирги кунларидан Болтиқ денгизи тубига Германия томонидан туширилган Boknis Eck Observatory расадхонаси алоқага чиқмай қўйган. Афтидан, уни ўғирлаб кетишган кўринади. Бу ҳақда «Livescience.com» нашри хабар бермоқда.
Океан тадқиқотлари маркази GEOMAR Helmholtz Centre for Ocean Research томонидан бошқариладиган мазкур денгиз тублиги расадхонаси жами 740 килограмм вазнга эга асбоб-ускуналардан иборат бўлган. Бортдаги асбоблар денгиз туби ҳақида ахборот жамлаб, марказнинг қуруқликдаги лабораторияларига юбориб турган. 21 август куни тублик расадхонаси билан охирги марта алоқа ўрнатилган эди ва ўшанда у кутилмаганда узилиб қолиб, қайта чақириқларга жавоб бермаган.
Мутахассислар аввалига маълумотларни узатиш тизими билан боғлиқ муаммолар келиб чиққан шекилли деб ўйлашган эди. Бироқ расадхона туширилган тубликка шўнғиган ғаввослар уни жойидан топа олишмади; аксинча, фақат кесиб кетилган кабеллар қолдиқларига дуч келишди холос.
Тублик расадхонаси Германиянинг Кил шаҳри яқинидаги денгиз соҳилидан 1,8 километр наридаги тубликка жойлаштирилган эди. GEOMAR марказидагиларнинг вазиятга изоҳ беришича, уни катта эҳтимол билан ўғирлаб кетишган бўлса керак дейилмоқда. Чунки 740 килограмм тош босадиган ускунани на бирор денгиз ҳайвони ва на сув кўтарилиш-қайтиши ёхуд кучли довул ҳам жойидан силжита олмаган бўларди.
Ҳозирда немис полицияси бу борада иш очган. Маълум қилинишича, сув ости расадхонаси иккита оғир вазнли металл рамадан ташкил топган бўлиб, улардан бири орқали расадхонага энергия таъминоти етказиб турилган. Иккинчисида эса, турли ўлчов ва назорат асбоблари ўрнатилган бўлиб, улар тублик табиатига оид хилма-хил маълумотларни, жумладан, ҳарорат, босим, шўрлик даражаси (тузлар миқдори), кислород ва хлорофилл миқдорини ва ҳо казоларни қайд этиб, қуруқликдаги станцияга кабел орқали узатган. Лойиҳани немис олимлари бундан нақ 62 йил муқаддам, яъни 1957 йилда ишга туширишган бўлиб, шу чоққача у узлуксиз ишлаб келган.
GEOMAR маъмуриятининг билдиришича, йўқотилган сув ости расадхонасининг бугунги кун нархи тахминан 300 000 евро атрофида, бироқ у билан бирга йўқолган кўп йиллик маълумотлар бебаҳо эди.
Изоҳ (0)