Тошкент шаҳридаги 110-ўрта мактаб биносида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан, ушбу мактаб ўқувчилари учун машғулотлар Боровский номидаги тиббиёт коллежи биносига кўчирилган.
Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматидан хабар беришларича, коллеж олдидаги Боровский кўчасида ўқувчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида чоралар кўрилган.
Жумладан, Боровский кўчасида қатнов вақтинча бир томонлама қилиб белгиланди: унга Шаҳрисабз кўчасидан бурилиб кириб, Содиқ Азимов кўчасига чиқиш мумкин, қарама-қарши йўналиш бўйлаб қатнов эса 3.1 «Кириш тақиқланган» йўл белгиси билан ёпилган. Шунингдек, Содиқ Азимов кўчасида Боровский кўчасига бурилиш жойига 4.1.1 «Ҳаракатланиш тўғрига» буюрувчи белгиси ўрнатилган.
«Ҳурматли ота-оналар! Сиздан ушбу ўзгаришларни ёдда тутишни, йўл белгиларига эътиборли бўлишни ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишни сўраб қоламиз», — дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги 110-мактаб россиялик миллиардер Алишер Усмонов ҳомийлигида таъмирланмоқда.
Изоҳ (0)