Breakthrough Prize фонди илмий соҳадаги ютуқлар учун уч миллион доллар миқдоридаги мукофотни эгаларига топширилишини эълон қилди. Тақдирлаш маросими 3 ноябрда бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда жамғарманинг расмий сайтида эълон қилинди.
Breakthrough Prize мукофотини шу номли жамғарма таъсис этган бўлиб, у замонавий дунёнинг ахборот технологиялари соҳаси бўйича энг таниқли ва муваффақиятли бой кишиларидан бир гуруҳи ташаббуси билан ташкил этилган. Таъсисчилар орасида Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Google асосчиларидан бири Сергей Брин, Alibaba асосчиси Жек Ма ҳамда «Mail.ru» асосчиси Юрий Мильнерлар ва уларнинг барчасининг рафиқаларини ҳам учратиш мумкин (барчасининг рафиқалари ҳам ўз муваффақиятли бизнесига эга бўлган аёллардир). Фонд ҳар йили 3 миллион доллар миқдоридаги маблағни энг муҳим илмий ютуқлар муаллифларига мукофот тариқасида топширади. Мукофот уч хил йўналишда – фундаментал физика, математика ва ҳаётий фанлар бўйича топширилади. Булардан ташқари, яна 100 минг доллар миқдоридаги New Horizons Prize қўшимча мукофоти ҳам таъсис этилган. Сўнгги йилларда мазкур мукофотни ОАВда илмий «Оскар» дейилиши ҳам тобора урфга кирмоқда.
Breakthrough Prize ташкилоти ҳар йили фундаментал физика ва математика йўналишларида биттадан асосий Breakthrough Prize мукофотини топширади; бундан ташқари, фундаментал физика соҳасида учта; ҳаётий фанлар соҳасида олтита ва математика соҳасида учта New Horizons Prize қўшимча мукофоти эгалари аниқланади. Бундан ташқари, муайян ҳолларда Special Breakthrough Prize махсус мукофоти ҳам берилиши мумкин. Лекин бу мукофот фақат фундаментал физика соҳаси бўйича тақдим этилади.
Жорий йилдаги фундаментал физика соҳаси бўйича Breakthrough Prize мукофотини апрель ойида катта шов-шув билан эълон қилинган муҳим илмий ютуқ – қора туйнук кўланкасининг суратини олишга муваффақ бўлган олимлар гуруҳига берилиши эълон қилинди (эсингизда бўлса, бу илмий ютуққа ўзбек олимлари ҳам ҳисса қўшган эди). «Ҳодисалар горизонти телескопи» лойиҳаси орқали ўша тарихий фотосуратни олиш устида бутун жаҳон бўйлаб жами 347 нафар мутахассис қатнашган бўлиб, унда Ер шарининг турли нуқталарида ўрнатилган ва атом соатлари орқали ўзаро синхронланган саккизта ўта сезгир телескоп воситасида қора туйнукнинг кўланкасини фотосуратга муҳрлашга эришилган эди.
Математика бўйича мукофотни эса, хонани ёритадиган ёруғлик нури ҳақидаги масалани ечган олимларга бериладиган бўлди. Масаланинг моҳияти қуйидагича: «Агар хона деворлари тўлалигича кўзгу билан қопланган бўлса ва хона деворлар нуқтавий манбадан тарқалаётган нурни акслантирса, унда ёруғлик хонанинг ҳамма қисмига етиб борадими ёки баъзи жойлар барибир нурсиз ҳам қолиши мумкинми?». Масалага абстракт кўп ўлчамли ёндошув орқали иккита математик олим, кўпбурчакли хоналар учун муайян тугал сондаги нуқталар ёритилмай қолишини исботлаб беришган. Афсуски, бу ютуққа эришган икки математикдан бири 2017 йилда 40 ёшида кўкрак бези саратони туфайли оламдан ўтиб кетиб бўлган экан. Шу сабабли мукофотни фақат Чикаго университети олими Алекс Эскин қабул қилиб олади.
Ҳаётий фанлар соҳасидаги мукофотни бу сафар 4 нафар тадқиқотчига бериладиган бўлди.
Улардан биринчиси танадаги гормонал тизимнинг мияга озиқа ўзлаштириш жараёнини тартибга солиш кераклиги ҳақида ёғ тўқималари орқали хабар беришини кашф қилган олимдир. У Рокфеллер университети ҳамда Ховард Хьюз Тиббиёт институтида ишлайди. Мазкур тадқиқотларни олим 1994 йилдан бошлаб ўтказган.
Иккинчи мукофотни эса оқсилларнинг махсус синфини – шаперонларни кашф қилган олимларга топширилади. Булар Макс Планк Биокимё институти олими Ульрих Хартл ва Йель тиббиёт мактаби олими Артур Хорвич бўлиб, уларнинг эришган натижаси Альцгеймер касаллигининг механизмларини тушунишда янги имкониятларни очиб беради.
Учинчи мукофот эса оғриқ механизмларининг асосида ётадиган молекула, ҳужайра ва тўқимларни кашф қилган олимга берилади. У Сан-Франсискодаги Калифорния университети мутахассиси Девид Юлиусдир.
Ниҳоят, New Horizons Prize мукофотининг бу йилги тўртинчи эгаси Паркинсон хасталиги, ён амиотрофик склероз ҳамда бошқа тизимли атрофия жараёнларида айрим оқсилларнинг қандай аҳамият кўрсатишини кашф қилган олима, Пенсильвания университети ходимаси Виржиния Ли бўлиши белгиланган.
Изоҳ (0)