Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров вилоятдаги 775 та маҳалла раиси билан учрашди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» боғи амфитеатрида бўлиб ўтган мулоқотда ҳоким маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш, «бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида уларни ихтисослаштириш каби масалаларга тўхталиб ўтди.
Хайрулло Бозоров маҳаллий ҳокимликларнинг маҳалла раислари билан ҳамкорлиги етарли бўлмаётгани, бу эса ҳудудларда муаммолар ҳал этилмаслигига олиб келаётганини танқид қилди. Энди вилоятдаги маҳалла раислари билан шахсан ўзи мулоқот қилиши, бунинг учун Telegram тармоғида алоҳида гуруҳ ташкил этилиши, ҳар бир маҳалла раисига эса янги смартфон совға қилинишини билдирди.
— Энди маҳаллангизда ечилмаётган ҳар қандай муаммо, тезкор ҳал қилиниши лозим бўлган ҳар бир масала бўйича тўғри менга мурожаат қилишингиз мумкин. ‘Тадбиркорлик қиламан, иш ўрни яратаман, лойиҳам бор, кредит керак’, деган тадбиркорлар, фуқароларни топинг, бу ҳақда ҳам менга маълум қилинг. Маҳалла раислари аҳолига иш топиб бериш бўйича ташаббускор бўлиши керак, — деди Хайрулло Бозоров.
Учрашувда фаол маҳалла раисларига вилоят ҳокимлиги ташаккурномалари ва совғалари топширилди. Йиғилганлар учун байрам дастурхони ёзилди.
Изоҳ (0)