«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» романи ҳақида ҳикоя қилади.
Флешбэк
Ушбу романни биринчи марта, адашмасам, 12 ёшларимда болалар оромгоҳида ўқиган эдим. Ҳеч нарсага тушунмаганман ва ярмида ташлаганман. Кейин уни 16 ёшимда қайта ўқиб кўрганман ва яна ҳеч нарсага тушунмай, ярмидан кўпини ўқиганман. Учинчи марта эса 20 ёшимда, Москвада ўқиб юрган кезларим қўлимга олганман, асардаги воқеалар Москвада бўлиб ўтишини ҳисобга олган ҳолда асар менга қизиқ туюла бошлаган, лекин, охиригача ўқиб чиқсам-да, нимаси шедеврлигини тушунмаганман. Facebook’даги гуруҳларда бу асар буюк эмас деб тортишиб юрганман.
Ниҳоят, 2017 йил романни аудокитоб шаклида эшитиб юрдим. Айни ўша пайтлар СССР тарихига оид фундаментал китобларни ўқиб ўрганаётган эдим. Айнан ўша пайт бу асар ХХ асрнинг энг буюк асарларидан бири бўлганини ҳис қилдим. Асардаги ҳар бир воқеа аслида бошқа воқеаларни ўз ичида яширганини англай бошладим. Жудаям оғир бу асарни тушуниш учун, у бадиий бўлса-да, тарих бўйича билимга эга бўлган ҳолдагина ўқиб тушуниш мумкинлигига амин бўлдим. Олдин ўқиган даврларимда эса худди бурни битиб таъм билмай қолган одам энг мазали овқатни ҳис қилмаганидай ўқиган эканимни англаб етдим.
Роман ҳақида
«Уста ва Маргарита» – машҳур рус ёзувчиси Михаил Афанасьевич Булгаковнинг романи. Асар ёзилиши 1920 йил охирида бошланиб, ёзувчининг вафотигача давом этган. Ёзувларни таҳрирлаш ва йиғиш, ёзувчининг беваси – Елена Сергеевна томонидан адибнинг вафотидан кейин амалга оширилган. «Муҳандис туёғи», «Қора сеҳргар» деб номланган романнинг биринчи версияси 1930 йилда Булгаков томонидан йўқ қилинган. Романнинг сўнги номи – «Уста ва Маргарита» 1937 йилда пайдо бўлган. Асарнинг қисқартирилган шаклда биринчи нашри 1966–1967 йилларда амалга оширилган. Китобнинг рус тилидаги биринчи тўлиқ нашри 1967 йилда Парижда чиққан. Асар асосида жуда кўп фильмлар ва сериаллар суратга олинган ва саҳналаштирилган.
Сюжет
Асарда уларнинг ҳар бири мустақил равишда ривожланадиган иккита ҳикоя чизиғи мавжуд. Биринчиси ХХ асрнинг 30-йиллари май ойида, бир неча тўлин ой кунлари давомида Москва шаҳрида, иккинчи ҳикоя чизиғи ҳам май ойида, аммо деярли икки минг йил олдин, янги давр бошида Ершалаим (Қуддус) шаҳрида бўлади. Роман шу тарзда қурилганки, асосий ҳикоя чизиғининг боблари иккинчи ҳикоя чизиғини ташкил этадиган боблар билан кесишади.
Май ойининг энг иссиқ кунларидан бирида Москва шаҳрида Воланд исмли кимса пайдо бўлади. У ўзини қора жоду бўйича мутахассис қилиб кўрсатмоқчи, аслида эса у – Шайтон. Уни биринчи бўлиб катта журнал муҳаррири Берлиоз ва шоир Иван Бездомнийлар Патриарх кўли ёнида учратиб қолади. Улар ўша пайт Исо Масиҳ ҳақида баҳслашарди.
Воланднинг таъкидлашича, Исо Масиҳ чиндан ҳам мавжуд бўлган ва буни Берлиознинг боши кесилиб кетиш ортидан ўлим топишини башорат қилиш билан тасдиқлайди. Иван Бездомний кўз ўнгида Берлиозни трамвай босиб кетади. Шоир Воланднинг ортдан қувиб етиб олишга бесамар уринади. Кейин Массолитга (Москва адабий уюшмаси) келиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида шунчалик бемаъни ва бетартиб айтиб берганидан уни шаҳар чеккасидаги руҳий касалхонасига юборишга ҳаракат қилишади.
Воланд марҳум Берлиоз билан бирга яшаган «Варьете» театри директори Степан Лиходеевнинг уйига келиб, унга Лиходеевнинг ўзи ёзган, Воланднинг театрда томоша кўрсатиши ҳақидаги шартномани тақдим этиб имзолатади. Кейин Лиходеевни квартирадан ҳайдаб чиқаради ва у тушунарсиз ғалати ҳолатда Ялта шаҳрида пайдо бўлиб қолади.
Воландга ғалати мулозимлар: чиройли жодугар Гелла, даҳшатли Азазелло, Коровьёв (Фагот) ва қўрқинчли қора мушук кўринишидаги Бегемот ҳамроҳлик қилади. 302-уйнинг уй-жой фонди раиси Никанор Иванович Босой 50-квартирага келади ва у ерда Коровьёвни топади. У Берлиоз вафот этгани, Лиходеев эса Ялтага кетганини айтиб, квартирани Воландга ижарага беришни таклиф қилади, кўп ишонтиришлардан кейин Никанор Иванович рози бўлади. Никанор Иванович Коровьёвдан квартира учун 400 рубль олганидан сўнг уларни мўри ичига яширади. Худди шу куни уни ноқонуний валюта сақлагани учун ҳибсга олади, чунки бу рубллар долларга айланиб қолган эди.
«Варьете»нинг молиявий директори Римский ва маъмур Варенуха Лиходеевни қидириб топишга самарасиз уринмоқда, у эса ўз навбатида телеграмма ортидан телеграмма йўллаб, ўз шахсини тасдиқлашга ва ҳеч бўлмаганда Ялтадан қайтиш учун етарли пул олишга уринмоқда. Бу аҳмоқона ҳазил деган қарорга келиб, Римский Варенухани телеграммаларни олиб, уларни керакли жойга топшириш учун юборади, лекин Варенуха ўз манзилига етиб бормай Бегемотнинг қўлига тушади.
Кечқурун «Варьете» саҳнасида буюк сеҳргар ва мулозимларининг чиқишлари бошланади. Воланд Коровьёвнинг рўпарасида қурол отиб, ундан пул ёмғирини уюштиради, одамлар осмондан тушган пулга ташланади. Саҳнада хонимлар учун дўкон очилади, залда ўтирган ҳар бир аёл ўзига ажойиб кийимларни текинга танлаб олиши мумкин. Спектакль тугаганидан бирмунча вақт ўтгач, барча пуллар оддий қоғозга айланади ва ички кийимларидагина қолган аёллар уйларига шошилишга мажбур бўлади, чунки улар кийган нарсаларнинг ҳаммаси изсиз йўқолган эди.
Спектаклдан сўнг Римский ўз кабинетида ўтираркан, Варенуха ва уни вампирга айлантирган Гелла унинг ёнига келади. Варенуханинг сояси йўқлигини кўриб, Римский қочишга ҳаракат қилади, хўроз қичқириғини эшитади ва вампирлар йўқолади. Римский дарҳол поезд билан Санкт-Петербургга жўнаб кетади.
Шоир Иван Бездомний руҳий хасталиклар касалхонасида Уста билан учрашади. Уста ўзи ҳақида гапириб беради. У тарихчи эди, музейда ишлаган. Катта ютуққа эришгач, Арбат кўчасидан квартира ижарага олишга қарор қилади ва у ерда Понтий Пилат ҳақида роман ёзишни бошлайди. Бир куни у кўчада Маргаритани учратади. Улар дарҳол бир-бирларини севиб қолади ва Маргарита ҳурматли одамлардан бирининг хотини бўлишига қарамай, ҳар куни Устанинг олдига ташриф буюради. Уста ўз романини ёзиб тугатади, кейин уни муҳаррирга топширади, аммо улар романни нашр этишдан бош тортади. Кичик парчаси нашр қилинган бўлса ҳам, у танқидга учрайди, шундан сўнг Уста ақлдан озиб қолади.
Эрталаб Маргарита бирон ҳодиса бўлиши кераклигини ҳис қилиб уйғонади ва паркка пиёда сайр қилиш учун боради. У ерда Азазелло билан учрашади. Азазелло, ўз навбатида, уни Воланд билан учрашишга таклиф қилади; Маргарита рози бўлади. Азазелло унга сеҳрли крем беради, унинг ёрдамида Маргарита уча олиши мумкин. Воланд Маргаритадан у уюштираётган балнинг маликаси бўлишини сўрайди ва бунинг эвазига хоҳлаган нарсасини бажаришга ваъда беради. Ярим тунда Иблис базми бошланади. Эркаклар фракларда, аёллар эса яланғоч. Бал тугагач, Маргарита Устани унга қайтариб беришни сўрайди. Воланд ваъдасини бажаради.
Иккинчи сюжет линиясида бўлиб ўтадиган воқеалар Уста ёзган романдан олинган. Саройда Рим прокуратори Понтий Пилат ҳибсга олинган инсонни сўроқ қилар экан, у қароқчи эмас, шунчаки адашган файласуф эканини тушунади, лекин барибир айбдор деб топиб, ҳукм чиқаради. У Каифа маҳкумлардан бирини қўйиб юборишига умид қилмоқда, аммо Каифа буни рад этади. Леви Матвей Га-Нозрининг ваъзларини келтиради ва Понтий Пилат «Энг даҳшатли разиллик – бу қўрқоқлик» деб ўқийди.
Москва. Кунботарда Воланднинг мулозимлари шаҳар билан видолашмоқда. Қуёш ботганда Леви Матвей пайдо бўлади ва уларга Устани ўзлари билан олиб кетишни таклиф этади. Азазелло Устанинг уйига Воланддан совға деб шароб олиб келади. Шаробни ичишгач, қора тулпорлар Уста, Маргарита, Воланд ва унинг мулозимларини олиб кетади.
Таҳлил
Михаил Булгаковнинг энг таниқли асари – «Уста ва Маргарита»ни ўқигандан сўнг бу ёзувчини инсониятнинг зиддиятли ўзига хослиги рамзи, доимий абадий бахтни қидиришдан ҳафсаласи пир бўлган, инсон ички оламини ёритиб берадиган бир нечта мавзу ҳақида фикр юритадиган инсон сифатидагина эмас, бахт ва мангуликни, у мажбурий равишда бирга яшаши керак бўлган жамиятнинг эрксизлиги ва адолатсизликнинг каталитик овози сифатида қабул қиласан. Гўёки Булгаковнинг ушбу шедевр асари буларнинг парадигмаси, айниқса у ҳеч қачон ҳаётлигида ушбу асарини нашр эта олмаганини билгач, буни яққол сезасан.
Ҳаётдан ва унинг ижтимоий-сиёсий муҳитидан жуда чарчаган, уруш оқибатлари ва касалликдан эзилган одамни ва у шундай яшашда давом этаётгани учун миннатдорлик билдириши керак бўлган сиёсий режим томонидан интеллектуал ва ижодий жиҳатдан ампутацияга учраган ёзувчини тасаввур қилинг.
Асар бизга Булгаковни диний маънода ҳам (оиласидан мерос қолган), эстетик жиҳатдан ҳам (мумтоз адабиётга бўлган иштиёқи учун) мистик сифатида намоён қилади. Романда муаллифнинг ўзи Худо ва Иблис, ижодкор ва танқидчи, аристократ буржуа ва пролетар ролларини ўйнайди. Асар воқеалари қуршовида бўлган Булгаков тинимсиз инсонларда яхшиликка интилишни қидиради. Ўзи жуда яхши биладиган муҳитни озиқлантирувчи бадиий доираларнинг сохталик орасидаги беғуборлик ва инсонийлигини излашга астойдил ҳаракат қилади. Санъат, ахлоқ ва инсоният ўртасидаги даҳшатли ва жимжит қарама-қаршиликни, ўз-ўзини алдаган ва бир-бирига бегоналаштирилган жамиятда, қалам орқали бузишга ҳаракат қилади.
Булгаков икки маротаба турмуш қурганидан кейин Елена Шиловскаяда тугалланмаган «Уста ва Маргарита»ни ёзиб битириш учун ҳиссий рағбат ва бадиий илҳомни топганди. У бу асарни бахтсиз мавжудотлигини фақатгина тасаввур орқали қутқариши мумкин бўлган Устанинг (Булгаков) ва Маргаританинг (Шиловская) ҳаёт алангасига ташлашни хоҳлади. Хайриятки, унинг аёли қўлёзмаларнинг кўп қисмини қутқариб қолди, баъзи қўлёзмалар кулга айланиб, Булгаков хотирасини қайта ёзиш орқали тикланди. Айтганимдек, роман муаллифнинг ҳаёти давомида ва ХХ асрнинг ўрталаригача нашр қилинмаган. Охир-оқибат бу асарни адиб вафотидан кейин 27 йил ўтгач, 1966 йилда, Совет Иттифоқидаги махфий нашриётларда чоп этилган пайтда ўқиш мумкин бўлди.
«Уста ва Маргарита» одатда фантастик сатира деб таърифланади. Бу асар, тарихда ёзилган буюк таҳлилий адабиётлар каби, реал вазиятни тушинтириш учун фантастик тасаввурдан фойдаланиб ёзилганини эслатиб ўтишим керак. Бундай асарларни аниқ таҳлил қилиш ва номукаммаликка асосланган гўзал асарлар оламида яшаётган қаҳрамонларни ҳис этиш учун воқелик устидан тасаввур ёрдамида хаёлий учиб ўтиш керак. Фантастик воқеаларга асосланган бўлса-да, ўша бадиий асарни боқий ва универсал қиладиган нарса айнан шу тасаввурдан фойдалана билишдир.
Булгаков, ХХ асрнинг бошқа кўплаб буюк социал реалист ёзувчиларидан фарқли ўлароқ, бадиий жанрга фантазияни қўшади. Совет жамиятидаги ижодкорлар ўз асарларида нигилизм ва инқилоб томонидан илгари сурилган коммунистик ғояларни бирлаштиришлари керак эди. Булгаков дастлаб ғоявий жиҳатдан қўллаб-қувватланган бўлса-да, тез орада у ўзгариб бораётган йиртқич ҳайвонга айланаётганини англади.
Шундай қилиб, ёзувчи ўз асарида ажойиб чуқур маъноли христиан афсонасини ижро этади, аммо у дуч келган қатағон даври «жин»ларини қувиб чиқариш ва уларни буффа операси қаҳрамонларига айлантириш учун буни фақат руҳий, афсонавий ва рамзий жиҳатдан христианликка боғлаб амалга оширади холос. Уста ва Маргарита – инсоний қадриятларнинг ҳақиқийлигини ифода этувчи асар, шунингдек, иккиюзламачиликка, ижтимоий урф-одатларга, қўрқувга, ёлғонга, худбинликка ва мағрурликка қарши сатирик қўзғолон. Ғайритабиий факт орқали буни ифода этишнинг энг яхши усули – мушук, жодугар ва жинлардан бўлган иккита ёрдамчиси билан бирга ғалати сеҳргар Воланд кўринишидаги Шайтоннинг асарда пайдо бўлиши эди. Дўзахдан келган бу қаҳрамонлар давр адабиётининг бюрократлари, врачлар, санъаткорлар, аксилбуржуа жамиятида яшовчи кичик буржуа вакиллари атрофида айланиб, уларни мазах қилади ва манипуляция ёрдамида баъзан кулгили ва қувноқ, баъзан эса даҳшатли ва шафқатсиз тарзда тоталитар жамиятнинг психологик муаммоларини очиб беради.
Булгаков танқид қилиш элементини йўқотмасдан Сталин қатағонлари ва унинг бутун бошли халқларни депортация қилиш каби сиёсатларини асарда одамлар бирор сабабсиз ғойиб бўлиб қолиши ёки минглаб километр узоқ жойга кўчиб қолиши билан тасвирласа, Воланд театрда томоша кўрсатган қисмида жамиятнинг эркин танлаш ҳуқуқига ва озодликка ташна эканлигини ёритиб берган, большевик Россиясининг даҳшатли ҳолатини хаёлот ортига яширган буюк ёзувчи эди.
Асар сюжети жуда ноанъанавий бўлаклардан ташкил топган тузилишга эга. «Уста ва Маргарита» ичидаги Устанинг Понтий Пилат ҳақидаги асари ҳам китобнинг сюжетини ташкил қилади, шунинг учун кўпчилик уни бир мартада ўқиб тушуниб олиши жуда қийин. Асарда кичик ҳикояларнинг бўлаклари бир-бири билан чамбарчас боғланган, токи Иблис уларни ағдариб ташламагунича... Лекин энг яхши қисми, шубҳасиз, ўқувчини макон ва вақт ичида Исо Масиҳнинг азоблари акс этган тарихий Қуддус шаҳрига кўчирганида ўқилади. Бунда адиб айниқса диалоглар орқали ҳаяжонли муҳитни яратиб, Понтий Пилатнинг психологик характерини очиб беради. Уни Совет жамиятининг ўша даврдаги ҳолати ва ёзувчининг ички можароси билан таққослаш учун хизмат қиладиган қўрқув архетипи ғоясининг намойиши сифатида жуда моҳирлик билан тасвирлаган.
Хулоса
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, асарда муаллиф ўқувчини кўп нарсалардан огоҳлантиради ва уни тўғри йўлга бошлайди. Ҳеч нарса жазосиз қолмаслигини муаллиф ўқувчига исботлайди.
Леви Матвей билан суҳбатда Воланд қизиқ бир нарсани айтади: «...агар ёвузлик бўлмаса, сенинг эзгулигингдан нима фойда бўлар эди ва агар соялар йўқолса, ер қандай кўринишга эга бўлар эди?»
Булгаков шуни аниқ айтадики, қоронғуликсиз ёруғлик бўлмайди – бу тўлиқ ҳаёт учун зарурдир. Шубҳасиз, бу икки куч ҳамиша мувозанатда бўлиши керак.
Китобнинг тарихи кўплаб сир-асрорларни яширади, аммо бунда оддий ҳақиқатлардан бири аён бўлади: дунё ёвузлик ва эзгулик бир-бирисиз мавжуд бўла олмайдиган яхлит мураккаб тизимдир. Инсонларнинг ҳаракатлари фақат ўзига боғлиқ, табиийки, ўз ҳаётини ва тақдирини одамларнинг ўзлари яратади, яхши ва ёмоннинг нисбий тушунчаларида нимани танлашни инсоннинг ўзи ҳал қилади.
Бу асарни барча ўқиб чиқиши керак – у Сталин қатағонлари алангасидан омон қолган адабий хазина ва ХХ асрнинг энг яхши романларидан биридир. Муҳаббат ва инсонларга раҳм шафқат туйғусига йўғрилган, хаёлот маҳсулига бой бўлган, йиллар ўтса-да, афсуски, моҳияти ва долзарблигини йўқотмаган ижтимоий сатира.
Иқтибослар
Ҳа, инсон ўлади, аммо бу муаммонинг ярми холос. Ёмон хабар шундаки, у баъзан тўсатдан ўлиб қолади, мана гап нимада!
Севган инсон севган кишисининг тақдирини бўлишиши керак;
Ғишт сабабсиз ҳеч қачон ҳеч кимнинг бошига тушиб кетмайди;
Дунёда ёвуз одамлар йўқ, фақат бахтсиз одамлар бор;
Қўлёзмалар ёнмайди.
- Айрим таҳлилчиларнинг фикрига кўра, асардаги депрессив ва мистикага бой сюжет, Исо Масиҳнинг азоблари ҳақидаги қисмлар ва мана бу сўзлар: «Шундай қилиб, у ўша куни кўчага атайлаб сариқ гуллар кўтариб чиқиб кетган экан, мен уни топиб олишим учун, борди-ю ўша куни бу учрашув юз бермаганида у заҳар ичиб ўз жонига қасд қилган бўлар экан, чунки унинг ҳаётида маъно йўқ эди...» – асосан ўсмир ёшдаги, депрессияга учраган қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишга олиб келиши мумкин бўлган омил деб ҳисобланиши мумкин эмиш;
- Москвада ҳеч қачон «Варете» деган театр бўлмаган. Аммо роман кенг омма ичида машҳур бўлиб кетгач, бирданига бир неча театр шу номни олишга даъвогарлик қилган;
- Айтишларича, Булгаковнинг квартирасини НКВД ходимлари бир неча бор тинтув қилишган ва улар «Уста ва Маргарита»нинг нусхаси мавжудлигидан, унинг мазмунидан хабардор бўлган. Булгаков, шунингдек, 1937 йилда Сталин билан телефон орқали суҳбатлашган (суҳбат мазмуни ҳеч кимга маълум эмас).
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Мавзуга доир:
«Китобни ёқишдан ҳам каттароқ жиноят бор». «Фаренгейт бўйича 451 даража» асари ҳақидаЁлғизлик – ичимизда. «Ёлғизликнинг юз йили» романи ҳақида
«Мафия ўлмасдир». «Чўқинтирган ота» романи ҳақида
«Ариқдаги сув қандай мазали! Барчаси раҳбаримизнинг доно раҳбарлиги туфайли». «Молхона» асари ҳақида
Реал фожиага асосланган шедевр. «Америка фожиаси» ҳақида
Жиноят ҳуқуқи ҳақида ўйлар. «Жиноят ва жазо» романи ҳақида
Матонат – муваффақиятга эришишнинг ягона йўли. «Мартин Иден» романи ҳақида
Изоҳ (0)