Темир йўллар қурилиши XIX аср бошларида бошланган бўлса-да, унинг аҳамияти ҳанузгача пасаймади. Бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб ташилаётган юклар ва йўловчиларнинг аксар қисми темир йўллардан ўтади.
ХХ аср ва XXI асрнинг бошларида дунёдаги энг узун темир йўл йўналиши Транссибирь йўналиши эди. Бу йўналиш Москвадан Узоқ Шарқдаги Владивосток шаҳригача борарди.
2014 йилда Хитой томонидан «Янги ипак йўли» номи билан янги темир йўл йўналиши очилди. У бугун дунёдаги энг узун йўналиши ҳисобланади. Бу йўналишда поезд Хитойнинг Иу шаҳридан Испания пойтахти Мадридгача боради. Бу йўналишнинг умумий узунлиги 13,052 километр.
10. Шанхай – Лхаса: 4 373 километр
Шанхайдан Лхасага юрадиган поезд Хитойнинг саккизта провинциясидан ўтади. Бу йўналишнинг ўтиш вақти 47 соатни ташкил этади. Шанхайдан йўлга чиққан поезд Тибет тоғларидаги Цинхай – Тибет тоғларидаги бекатда тўхтайди.
Шанхай – Лхаса йўналишидан асосан сайёҳлар фойдаланади. Тибетни томоша қилишга келаётган хитойлик ва хорижлик сайёҳлар асосан шу поездда юради.
9. Чикаго – Лос-Анжелес: 4 390 километр
АҚШ темир йўл тармоқлари бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Мамлакатда тортилган темир йўл линияларининг умумий узунлиги 250 000 километрни ташкил этади.
Чикаго – Лос-Анжелес йўналиши АҚШдаги энг узун темир йўли ҳисобланади.
Бу йўналишда поезд 65 соат ҳаракатланади. Йўналиш АҚШнинг еттита штатини кесиб ўтади ва йўлда 40 та бекатга тўхтайди.
Ушбу йўл асосан сайёҳлар ташилади. Улар бу йўналишда АҚШнинг ноёб ва хилма-хил табиатини томоша қилишга муваффақ бўлади.
Amtrak давлат компанияси бу йўналишда асосан йўловчи ташиш билан шуғулланади. Компания йўловчиларга қизиқарли бўлиши учун тарихий ашёлар билан жиҳозланган вагонлар қилдирган. Вагонларга хизмат кўрсатадиган хизматчилар ҳам Голливууд актёрлари қиёфасида грим қилинган ҳолда йўловчиларга хизмат қилади.
8. Харбин – Хайкоу: 4 458 километр
Хэйлунцзян провинцияси маркази Харбин шаҳрини Хайнань оролидаги Хайкоу шаҳри билан боғлайдиган йўл Хитойдаги йўналишлари орасида энг узунларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналиш бўйича поездлар қатнови 2013 йилда бошланган. Поездлар 66 соат юради ва 52 та бекатда тўхтайди.
Йўналиш Хитойнинг шимолий қисмини жанубий қисми билан боғлаш учун очилган.
Шунингдек, Харбин – Хайкоу темир йўли очилишидан мақсад маҳаллий сайёҳлар «Шарқий Гавайи» деб номланувчи Хайнань оролига тезроқ ва кўпроқ боришини таъминлаш бўлган.
7. Торонто – Ванкувер: 4 466 километр
VIA Rail компаниясининг поездларида Торонтодан Ванкувер йўналишида юриш Канада билан яқиндан танишиш демакдир. Баланд тоғлар, тоғ ўрмонлари, тик қояли даралар – бу темир йўл линияси ана шундай жойлардан ўтади.
Ушбу йўналишда 66 та бекат бор.
Йўналиш вақти қарийб тўрт сутка – 86 соатни ташкил этади. Бу вақт мобайнида йўловчилар мутлақо зерикмайдилар ва йўлларда ҳатто турли ёввойи ҳайвонларни ҳам томоша қилиб кетиш мумкин. Шунингдек, йўналиш поездлари Виннипег, Саскатун ва Эдмонтон шаҳри вокзалларида тўхтаб ўтади.
6. Урумчи – Гуанчжоу: 4 684 километр
Урумчи – Гуанчжоу темир йўл маршрути Хитойнинг ғарбий ва шарқий қисмларини боғлайди. Ушбу йўналишда уч турдаги поездлар қатнайди.
Булар Z138/Z135, T38/T35, L908/L905 рейсларидир. Z турдаги поездлар 31 та бекатда тўхтайди ва 49,5 соатда манзилга етади; булар бошқа турдаги поездларга қараганда тезюрар ҳисобланади. T турдаги поездлар 55 соатда манзилга етади. Учинчи, L турдаги поездлар йўлда 65 соат юради.
5. Инин – Шанхай: 4 742 километр
Инин–Шанхай темир йўл йўналиши Хитойнинг шимолий-ғарбини нафақат Хитойнинг, балки дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Шанхай шаҳри билан боғлайди.
Бу йўналишда поездлар илк марта 2014 йил 10 декабрдан бошлаб қатнай бошлаган. Поездлар қатнов давомида еттита провинцияни кесиб ўтади ва 32 та бекатда тўхтайди. Улар орасида Нилки, Куйтун, Цзинхэ, Цавэн, Турфан, Урумчи, Шаншань ва Хами шаҳарларидаги вокзаллар ҳам бор.
Йўналиш вақти 56 соатни ташкил этади. Ушбу йўналишда йўловчилар Хитойнинг бугунги ривожланишини ўз кўзи билан томоша қилади.
4. Лхаса – Гуанчжоу: 4 980 километр
Хитойдаги энг узун темир йўл Тибетнинг маъмурий маркази Лхаса шаҳрини Хитой шарқидаги йирик шаҳар – Гуанжоуни ўзаро боғлайдиган 5 минг километрли темир йўл линиясидир.
Ушбу темир йўлида ҳам тезюрар поездлар қатнайди; йўл вақти 54,5 соатни ташкил этади.
Ушбу йўналишда қатнайдиган поездлар Чэнчжоу, Ланчжоу, Учан ва Сиань шаҳарлари вокзалларида ҳам тўхтаб ўтади.
Ушбу йўналишда ҳаракатланаётган поездлар ресторанида хитой миллий ошхонасининг 100 дан ошиқ таомлари тайёрланади. Ушбу йўналишда хизмат қиладиган вагон хизматчилари йўловчиларга маълумотларни уч тилда: хитой, инглиз ва тибет тилларида эълон қилиб боради.
3. Москва – Пекин: 8 984 километр
Россия ва Хитой пойтахтларини бирлаштирувчи темир йўл йўналишида поездлар қатнай бошлаганига анча бўлди.
«Восток» поезди ўз йўналишини Москвадан бошлаб, қарийб 9 минг километр йўл босиб, Пекинга етиб боради. Йўл вақти 145 соатни ташкил этади ва йўналиш давомида поезд 44 та бекатда тўхтаб ўтади.
Ушбу йўналишнинг катта қисми Транссибирь темир йўл магистрали орқали ўтади ва Россиянинг Чита шаҳрига бориб йўл Хитой томон бурилади.
Бекатларда энг узоқ тўхташ Забайкальск шаҳридаги чегара назорати бекатида бўлади. Бу ерда божхона кўригидан тўлиқ ўтиш учун ва вагонларнинг ғилдиракларини Хитой темир йўлларига мослаш учун поезд 6 соат (!) тўхтаб туради.
2. Москва – Владивосток: 9 289 километр
Афсонавий Транссибирь темир йўл линиясининг тарихи XIX асрнинг охирига, аниқроғи, 1891 йилга бориб тақалади. Ўшанда Петербургда Россиянинг Европа қисмини Тинч океани соҳилларидаги шаҳарлар билан боғлаш режаси ҳақида илк бор гапирилган эди. Аммо Россия империясининг бунга имкониятлари етарли эмас эди. Шундан сўнг ХХ аср бошларида Россияда октябрь тўнтариши содир этилди. Сўнгра Иккинчи жаҳон уруши бўлиб ўтди ва Россиянинг Европа қисми билан Узоқ Шарқда, Тинч океани соҳилларидаги шаҳарлар орасини темир йўл орқали туташтириш, режалангандан қарийб юз йил ўтганидан сўнг 1984 йилга келибгина амалга оширилди. Бунгача эса 50–60 йил давомида Транссибир темир йўл магистрали ва Байкал – Амур магистраль темир йўли қурилди.
Ушбу темир йўл йўналишининг вақти 178 соат ёки етти суткани ташкил этади. Узунлиги қарийб 9 300 километр бўлган бу йўналишда қатнайдиган поездлар умумий 67 та бекатларда тўхтаб ўтади. Ушбу йўналишда юрадиган сайёҳлар Сибирь ва Байкал кўлини томоша қилиш имкониятига эга бўлади.
1. Иу – Мадрид: 13 052 километр
Хитойнинг Иу шаҳри унча катта шаҳарча ҳисобланмайди. Тинч океани соҳилларида жойлашган бу шаҳарча нафақат Хитойдаги, балки халқаро даражадаги катта-катта улгуржи бозорлари билан машҳур
Бундан бир неча йиллар олдин Хитой томони мамлакат пойтахти Пекин шаҳридан ёки бошқа йирик шаҳарлардан эмас, айнан шу шаҳарчадан Ғарбий Европага, Испания пойтахти Мадрид шаҳрига поезд қатновини йўлга қўйди. Бундан мақсад Хитой маҳсулотларини темир йўллар орқали Ғарбий Европага етказиб бериш эди.
Илк поезд қатнови 2014 йилда йўлга қўйилди. Ўшанда Иу шаҳридан йўлга чиққан поезд 21 кун деганда саккиз мамлакат – Хитой, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Беларусь, Польша, Германия, Франция ва Испания ҳудуди бўйлаб юриб, Мадридга етиб борди.
Ўшандан бери бу йўналишда поезд мунтазам қатнаяпти.
Йўналишнинг узунлиги 13 минг километрдан ошади.
Ушбу йўналишга Хитой томони «Янги ипак йўли» деб ном берди.
Ушбу йўналишни очишдан аввал айрим жойларда темир йўллар қуриш ва таъмирлаш учун 40 миллиард доллар маблағ сарфланди.
Изоҳ (0)