Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бир соатда нечта рақам ёдлай оласиз? 100 та, 200 та ёки 300 та? Бизнинг бугунги суҳбатдошимиз 2 соатда 3 250 та рақамли маълумотларни эслаб қолиб, Россия рекордини ўрнатган. Бир неча халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ғолиб бўлган.
Давронбек Турдиев 1991 йил Наманган вилоятида туғилган. Наманган давлат университетини тамомлаган. 2018 йилда рақамли маълумотларни эслаб қолиш бўйича Россия рекордини ўрнатган. Мнемоника бўйича жаҳон чемпионати иштирокчиси. Айни пайтда хотирани ривожлантириш бўйича халқаро эксперт.
https://www.youtube.com/watch?v=CKB9RTEKTLE
Хайр спорт, салом мнемотехника
Ҳаммаси кубик-рубик йиғишни ўрганганимдан бошланди. Бир куни оғайним кубик-рубикни кўзини юмиб терган боланинг видеосини кўрсатди. Бошида буни фокус деб ўйладим. Лекин яхшилаб суриштириб билсам, ҳаммаси ҳақиқат экан. У бола ўйинда жисмларни бир-бирига нисбатан жойлашишини эслаб қоларкан. Ўзимча, агар бу нарсани эслаб қолишнинг иложи бўлса, шу техникаларни ишлатган ҳолда дарсда фойладалансам-чи, деб ўйлаб қолдим. Ўша пайтда университетда ўқирдим. 3-семестргача ўқишда натижаларим яхши бўлмаган. Мнемотехника билан шуғулланганимдан сўнг ҳаммаси кутганимдан-да аъло бўлди.
Мнемоника юнонча сўздан олинган бўлиб, эслаб қолиш санъати деган маънони англатади.
Мнемотехника — ёд олишни осонлаштирувчи ва хотира ҳажмини кенгайтирувчи усуллар тизимидир. Баъзи мнемонистлар ўзлаштиришда ҳар хил сунъий усулларни қўллашга ўрганганлиги туфайли катта ҳажмдаги, ҳатто маъносиз материални тез эслаб қолади.
Ўша пайтлари яна қўл жанги билан ҳам шуғулланардим. 2015 йилда спаррингда қаттиқ жароҳат олдим. Бошим кўп оғрийдиган бўлиб қолди. Шундан сўнг спортни тўхтатиб, мнемоника билан жиддий шуғулланишни бошладим.
Абдулазиз Комиловнинг яхшилиги
Кунларнинг бирида мнемотехника бўйича ҳам жаҳон чемпионати ўтказилишидан хабар топдим. Табиийки, қатнашиш истаги туғилди. Ўзимча тайёргарликлар кўрдим. Жаҳон чемпионатига кетишдан олдин яхшигина кўзим очилди. Мотивация китобларида «Агар инсон бир нарсани кучли хоҳласа, бутун дунё унга кўмаклашади» дейилади. Менда эса аксинча дунё тескарига айланди. Бу истагим ҳақида айтганимда ошна-оғайним устимдан кулди. Дадам сўкди. «Кап-катта одам бўлсанг, Даврон, уйланмайсанми? Дипломингни олдинг, яхши ишга кирмайсанми? Жаҳон чемпионатида нима қиласан», — деб танбеҳ берганлар кўп бўлди. Ўша пайтда мактабда ойлигим бир миллион сўм эди. Жаҳон чемпионати учун Хитойга бориб-келишимга эса 1500 доллар керак эди. Очиғи, пул борасида кўп қийналдим. Чунки қаерга хат билан чиқмай, ҳамма жойдан «йўқ» деган жавоб олаверганман. Ҳеч ким менга ишонмаган. Худдики мен мусобақага эмас, бошқа жойга кетаётганимдай шубҳа билан қарашган. Бундан ташқари, айнан 2017 йилда виза ёпилганди. Олиш учун бормаган ташкилотим қолмаган. Охири Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга хат билан чиққанман. Ўша инсон туфайли кетишимдан икки кун олдин виза чиққан. Хуллас, қарзларга ботиб, дадамнинг сўкишларини эшитиб, чемпионатга кетганман.
Инсоннинг имкониятлари жуда кенг экан!
Авваллари 5 дақиқада инсоннинг хотираси 300 дан ортиқ рақам эслаб қололмайди, деб ўйлардим. Лекин мусобақада ёнимда ўтирган хитойлик Шейбин Бин 5 дақиқада 508 рақам эслаб қолган. Ишонмай бир неча бор сўраганман. Лекин бу ҳақиқат эди. Шейбин Бин ушбу натижаси билан ўша йили жаҳон рекордини ўрнатган. Шундан кейин фикрларим умуман ўзгарган. Тушундимки, инсоннинг салоҳияти анча кенг экан.
Чемпионатдан умуман бошқа одамга айланиб қайтдим. Ишлаб юрган пайтимда «Россия1» каналидан боғланишиб, «Я могу» кўрсатувига чақиришди. Очиғи, бошида ишонмадим. Россиядаги бирорта ўртоғим мен билан ҳазиллашаётгандир, деб ўйладим. Кейин уларга мактабда ишлашимни, рухсат олишим учун менга хат юборишларини сўрадим. Telegram’имга ростдан ҳам биринчи канал мухри билан хат келди. Мен рози бўлдим! Менга топширилган вазифа — саватчада 250 та ҳар хил маҳсулот бўлади. Ҳар бирининг 13 та рақамдан иборат штрих-коди бор, 2 соат ичида 3 250 та рақамни эслаб қолишим керак эди. Шу пайтгача бунчалик кўп рақам ёдламагандим. Жаҳон чемпионатида 1 соатдаги натижам ҳам 980 та рақам бўлган. Лекин Худога таваккал қилиб, кўрсатувга бордим.
Хуллас, вазифани беришди. Вақт белгиланди. Лекин ёдлашим қийин бўлди, чунки съёмка, қарсаклар яна худди атай қилгандай бошловчи Леонид Якубович ора-орада «Даврон, ҳаммаси яхшими?», — деб сўраб турарди. Ҳа, ҳа дейман-у, хаёл бўлинади. Чалғийсиз. Шунча рақамни ёдлашим учун эса менга жимжитлик керак эди.
Рақамларни бир неча бор такрорладим. Бошим оғриб қолди. Таваккал қилиб навбатимдан аввал саҳнага чиқдим. Ҳакамлар саватчадан ўзлари истаган маҳсулотларни танлаб ола бошлашди. Мен хотиржам бўлиб рақамларни айтавердим. Бир, икки, уч, хуллас, 9 та маҳсулотнинг штрих-кодини айтдим. 10-си қолганда ҳеч эсимдан чиқмайди, бошловчи банкада қўзиқоринни олди. Ҳаяжонландим. Охирги икки рақамда иккиландим. Лекин уларни ҳам тўғри айтиб, Россия рекордини ўрнатдим. Олқишлар, табриклар... Тўғриси, уддалай оламан деб ўйламагандим. Кўрсатувдан кейин ўзим ҳақимда фикрим ўзгарди. Катта куч, ишонч билан Ўзбекистонга қайтдим.
Кейин «Удивительные люди»да ҳам қатнашдим. Шундан кейин карьера бошланди. Менинг севимли машғулотим менинг касбимга айланди. Қисқа қилиб айтганда, мнемоника ҳаётимни тубдан ўзгартирди.
2018 йил ёзда мнемонист йигитлар билан яна халқаро мусобақада иштирок этдик. Мен кубик-рубик йиғиш бўйича 2-ўринни қўлга киритдим. Жамоавий баҳсларда эса умумий ҳисобда 3-ўринни олдик. Битта алам қиладиган томони, Мўғулистон ҳам 3-ўринни олиб ватанига қайтганида, уларни бош вазири кутиб олган. Бизни эса... такси.
Мнемотехниканинг қандай фойдаси бор?
Мнемотехника фойдаси ҳақида соатлаб эмас, кунлаб гапириш мумкин. Буни фақат рақам ёдлашда эмас, ҳар жойда қўлласа бўлади. Ҳамма олийгоҳларга кириш имтиҳонлари блокида тарих фани бор. Абитуриентлар 10 мингдан зиёд тарихий саналарни эслаб қолишади. Бунга эса 3 йил вақт сарфланади. Агар мнемотехникани ўрганса, бунча вақт зое кетмайди. Ўтган йили жаҳон чемпионатида 150 рақамни 5 дақиқада эслаб қолишган. Тасаввур қилинг, энди ҳисоблаб кўрсак 10 мингта рақамни ёдлаш учун бор-йўғи бир ой вақт кетади, холос.
Иккинчидан, тил ўрганишда бу жуда қулай. Ҳозирги кунда кўпчилик инглиз тили билан шуғулланади. Умумий олиб қараганда, инглиз тилида яхши гаплашиши учун 5 000 га яқин сўзни ёдлаш керак. Мнемоника билан 4 000 та сўзли луғат китобни бир ҳафтада эслаб қолса бўлади. Ўрганувчилар эса унга 1 йилдан ортиқ вақт сарфлайди. Агар 1 йилда 56 ҳафта бўлса, қаранг қанча вақт тежалади.
Бир неча йил олдин хусусий мактабда ишлаганман. Зебо исмли ўқувчим кимё фани бўйича олимпиадада қатнашаётган эди. Бир куни ёнимга келиб «Устоз, мнемоника билан Менделеев даврий жадвалини эслаб қолиш мумкинми, қанча вақтим кетади?», — деб сўради. Ёдлашга бир ҳафта вақт кетса керак, деб тахмин қилдик. Лекин у икки кунда эслаб қолди. Шундай зўр ёдладики, элементларнинг охирги 2 та рақамини айтсангиз, қолган ҳамма маълумотни айтиб берадиган бўлди. Кейинчалик Зебо халқаро конференцияларда ҳам қатнашишни бошлади. Афсуски, буни кўпчилик билмайди.
Бунинг учун инсонда қандайдир қобилият бўлиши керакми?
Бу савол билан кўпчилик мурожаат қилади. Лекин ишонч билан айтаман. Бунинг учун ҳеч қандай иқтидор керак эмас. Ўртача салоҳиятли инсон эгаллай олади. Бунинг учун даҳо бўлиш шарт эмас.
Бир ҳаётий мисол келтираман. Ҳамманинг мушаги бор. Ривожлантирсангиз қандайдир шаклга эга бўлади. Лекин одамлар орасида бир нотўғри фикр бор: кўчада бирор бир бақувват одамни кўрсангиз, спорт билан шуғулланаркан-да деб ўйлайсиз. Лекин нимагадир хотираси кучли одамни кўрганлар ўзи қобилиятли экан-да, дейишади. Лекин такрор айтаман, бу қобилият эмас. Агар шундай дейилган тақдирда ҳам бу иқтидор ҳаммада бор.
Қисқа қилиб айтганда, мушакни ўстириш учун билак керак; хотирани ривожлантириш учун эса яхшими-ёмонми озгина хотирангиз бўлса бўлди.
Мнемоника бўйича жаҳон чемпионлари бизга керакми?
Ўзбекистон халқаро аренада спортчилари билан яхши танилган. Асосан, бокс мактабимиз жуда кучли. Натижалар зўр. 2016 йилги олимпиада ўйинларини ҳам мисол келтирсак, спортчилар қанча олтин медаль билан қайтиб келдилар. Лекин Ўзбекистон фақат муштлашишда эмас, интеллектуал салоҳияти билан ҳам тан олинишини хоҳлардим. Энг қизиғи, бу нарса қўлимиздан келади.
Хотирангиз — бу сизнинг энг муқаддас нарсангиз. У ерда энг ишонган туйғуларингиз, яхши кўрган инсонларингиз сақланади. У билан ота-онангиз юзини эслай оласиз. Агар инсон хотирасидан жудо бўлса, у ўзлигини йўқотади. Шу сабабли хотирани ривожлантириш инсон учун бурч!
Ўзбекистонда мнемоникани ривожлантириш учун нималар қилиш керак?
Биринчи ўринда одамларга танитиш керак. Ментал арифметикада болалар қўл ёрдамида ҳисоб-китоб қилади. Агар бир йил олдин бу ҳақда гапирсангиз, деярли ҳеч ким билмасди. Лекин ҳозир-чи? Аксарият кишилар бундан хабардор. Бир куни Москвадан халқаро мусобақада ғолиб бўлган болалар билан бирга келдим. Карнай-сурнайлар билан кутиб олишди. Мен ҳозир ментал арифметикани ерга урмоқчи эмасман, лекин мнемониканинг соҳаси анча кенг. Уни ишлатиш мумкин бўлмаган жой йўқ. IT’ми, тилми, хуллас, ҳар соҳада фойдаланиш мумкин.
Иккинчидан, мактаб тизимига мнемоникани қўшиш керак. Мактабда ўқувчилар физика, математика, геометрия, хуллас, ўтиладиган ҳамма фанни билиши керак. Ҳозирги тизим ўқувчиларга фақат билим беришга асосланган. Лекин бола буни қабул қиладими, йўқми ҳеч кимни қизиқтирмайди.
Аввало бирон нарса экишдан олдин ерни яхшилаб тайёрлаб олиш лозим. Уларга билим бериш билан бирга қобилиятларини ҳам ривожлантириш керак. Агар ўқувчиларнинг қобилиятларини ривожлантира олсак, улар берилган билимни 10 баробар тезроқ қабул қилишни бошлайди.
Учинчидан, имконияти чекланган инсонларга мнемотехникани ўргатиш керак. Сабаби спортда гендер ва параолимпиадага бўлинишлар бор. Лекин мнемотехникада эса бундай табақаларга ажратилмайди. Масалан, 2017 йилда жаҳон чемпионатида имконияти чекланган инсон — Йоханнес Маллоу ғолиб бўлди.
Маллоуни кўрганимдан бери ўзимизникиларга ўргатсак-чи, деган фикр хаёлимдан кетмайди. Ахир Ўзбекистонда қанча шундай инсонлар бор. Жисмонан чекланган инсон, лекин онги, руҳан имконияти чексиз бўлади. Агар уларга мнемоникани ўргатсак, юртимиз нафақат спорт, балки илм, кучли хотира эгалари юрти сифатида ҳам танилар эди.
Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди
Изоҳ (0)