Германиянинг иқтисодий тадқиқотлар бўйича етакчи институти – DIW Berlin яқинда атом энергетикаси истиқболларига оид муҳим бир ҳисоботини эълон қилди. У «Жуда қиммат ва хатарли: атом энергетикаси иқлимга дўст энерготаъминот эмас» деб номланади.
Иқлимни муҳофаза қилиши борасидаги тобора фаоллашаётган мунозаралар асносида турли тарафлардан шундай фикрлар ўртага ташланмоқдаки, гўёки, атом энергияси «соф энергия» эмиш. Германиянинг ўзида ҳам айрим экспертлар томонидан, айнан иқлимни муҳофаза қилиш важи юзасидан, мамлакатда ишлаб турган атом электр станцияларнинг фаолият муддати узайтириши лозим деган фикрлар янграмоқда. Эслатиб ўтамиз, Германияда сўнгги атом реакторини 2022 йилдан кечиктирмасдан ишдан тўхтатиш ҳақида қонун қабул қилинган. Бироқ немис энергетиклари атом энергетикасидан бутунлай воз кечилиши туфайли ёқилғи ёқишга асосланган энергия ишлаб чиқаришга қайтилса, унда атмосферага ташланадиган ис гази миқдори кескин ошишини ва бу нарса иқлимни муҳофаза қилиш концепциясига зид келишини ҳам таъкидлаган.
Умуман олганда, Европа иттифоқи миқёсида «соф энергия» лойиҳаси мавжуд бўлиб, у айнан иқлим муҳофазаси муддаоларига асосан қитъа бўйлаб атом энергетикасини янада ривожлантириш истиқболларини илгари суради. Унга кўра, нафақат мавжуд АЭСларнинг хизмат муддатини узайтириш, балки янги АЭСларни қуриб, ишга тушириш орқали «соф энергия» концепциясини тўлақонли амалга ошириш мақсадлари кўзда тутилган. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ҳам атом энергетикаси соҳасини янада тараққий эттириш тарафдори ҳисобланади ва бу орқали мавжуд иқлим муаммоларини ҳал қилиш мумкин деган ғояни илгари суради. IEA ҳаттоки турли мамлакат ҳукуматларидан ядро энергетикаси тармоғига субсидиялар ажратиш орқали кўмак кўрсатишни ҳам таклиф қилади.
Аслида иқлим муаммоларини бартараф қилиш йўлида ядро энергетикасини ривожлантириш мавзуси янги пайдо бўлган мавзу ҳам эмас. Қазилма ёнилғининг ёниши натижасидан электр энергияси ишлаб чиқариш туфайли юзага келадиган салбий глобал иқлим ўзгаришлари ҳақида 1970-йиллар бошидаёқ атом физикаси мутахассислари бонг ура бошлашган. Хусусан, атом физикаси мутахассиси Элвин Вайнберг ушбу масалани Германияда жамоатчилик орасида кўтариб чиққан илк фаоллардан бири эди. Ўшандаёқ мутахассислар иқлимга салбий таъсир қилмайдиган «соф энергия» манбаи сифатида атом энергетикасини ривожлантириш кераклигини таъкидлашни бошлаган. 2000-йилларда Британия бош вазири бўлган Тони Блер ҳам расмий минбарлардан туриб бир неча бора атом энергетикасида жадалроқ ўтиш орқали иқлим масалаларини ҳам қилишда илгари силжиш мумкин деб баёнот берган эди.
Бироқ «соф энергия» ва иқлим муҳофазаси сингари глобал масалалар юзасидан атом энергетикаси фойдаси учун айтилган шунча таъкид ва даъволарга қарамасдан, DIW Berlin’нинг юқорида айтилган ҳисоботида бу масалага бирмунча шубҳа уйғотадиган хулосалар берилгани қизиқ. Ҳисоботда ядро энергетикасининг айнан экологик мусаффоликни сақлаш масаласи юзасидан ҳамда иқтисодий нуқтаи назардан ўзини оқлаш-оқламаслиги масаласи кўриб чиқилган. Унда етакчи иқтисодий таҳлил мутахассислари бир тарафдан бутун дунё бўйича атом электр станциялари аллақачон бир неча ўнлаб сонда қуриб, ишлатилаётгани ва яна бир нечтаси қурилиши жараёнида экани сингари инкор қилиб бўлмас иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий омилларни инобатга олган. Бошқа тарафдан эса атом энергетикаси объектларини кейинги йиллар мобайнида эксплуатация қилиш юзасидан сарфланадиган харажатлар ва соҳага киритиладиган инвестицияларнинг тахминий қиймати асосида математик моделлаштирилган таннарх ва соф фойда кўрсаткичлари инобатга олинган. Хуллас, ҳужжатда келтирилишича, DIW Berlin’нинг иқтисодий таҳлилчилари барча омилларни инобатга олган ҳолда бажарган ҳисоб-китобларига кўра, қуйидаги иккита муҳим хулосага келган:
1) ядро энергетикаси авваллари соф ва арзон энергия манбаи бўлмаган;
2) у келажакда ҳам бундай бўлмайди.
Бу борада таҳлилчилар яна айрим мулоҳазалар билан ҳам ўртоқлашган. Хусусан, уларнинг айтишича, атом энергетикасини тижорат мақсадлари учун йўналтириши аслида 1940-йиллардаги ҳарбий саноатни ривожлантириш концепцияси юзасидан келиб чиққан ножўя оқибатдир. Гарчи ўша йиллари атом энергетикасининг ўта арзон энергия манбаи сифатида кўрилган истиқболлари олимларда жуда катта оптимизм уйғотган бўлса-да, бироқ кўп ўтмай, 50-йиллар бошидаёқ атом энергетикаси объектларининг қурилиш ва эксплуатация масалаларидаги мислсиз харажатлар туфайли бу соҳа анъанавий энергетика соҳалари билан иқтисодий рақобат қила олмаслиги маълум бўлган. Шу сабабли атом энергетикасининг ривожланиши ҳеч бир истисносиз равишда дунёнинг барча давлатларида ва ҳаттоки иқтисодий қудратли мамлакат бўлмиш АҚШда ҳам ҳукуматнинг муттасил кўмагига ва йирик субсидияларга муҳтож бўлган. Боз устига, атом электр станциялари қурилиши ҳажмининг ортиши ҳам умумий кўламдаги тежамкорликни тақдим қила олмади. Аксинча, атом электр станциялари сони ошгани билан улар ишлаб чиқарган ҳар бир киловатт электр энергиясининг нархи ҳам ошиб бораверди (бунинг мантиғи жуда оддий: янги АЭС қурилгач, унга сарфланган харажатларни қоплашга киришилади). Ваҳоланки, одатда, у ёки бу технология мукаммал бир нуқтага етгач, унинг маҳсулотлари ёки хизматлари нархи пасая бошлайди. Бироқ атом энергетикаси билан бу қоида иш бермаган. АЭС ишлаб чиқарган электр энергияси нархи муттасил равишда, фақат ошган. Бу феномен ҳатто муайян илмий адабиётларда ҳам алоҳида кўриб чиқилади.
DIW Berlin бутун дунё бўйича 1951 йилдан бу ёғига қурилган ва фойдаланилган ҳамда ҳозирда фойдаланилаётган барча АЭСларнинг фаолиятини таҳлил қилиб чиққан. Таҳлилда 674 та ядро реакторларининг фаолияти кўриб чиқилади. Уларнинг ҳаммаси тижорат мақсадлари учун қурилган ва ишлаб чиқарган электр энергияси истеъмолчига сотиладиган реакторлардир. Яъни DIW Berlin тажриба-синов реакторлари ҳамда ўқув-амалиёт реакторларини инобатга олмаган. Муаллифлар атом энергетикаси соҳасидаги ҳозирги инвестицион муҳит ҳамда у ёки бу мамлакатда АЭС қурилиши учун омил бўлган сиёсий ҳамда, иқтисодий сабабларни ҳам таҳлил қилиб чиққан. Маълум бўлишича, шу чоққача қурилган ва қурилаётган АЭСларнинг ақалли бирортасида хусусий сектор ва ёки инвестор иштироки кузатилмаган экан. Шунга кўра, ҳисобот муаллифларидан бири Кристиан фон Хиршгаузеннинг фикрича, «ядро энергетикаси ҳеч қачон ва ҳеч қаерда тижорат мақсадида, арзон электр энергияси ишлаб чиқариш учун мўлжаллаб қурилмаган, аслида унинг мақсади ядро қуроли тайёрлаш бўлган» экан.
Ҳисобот муаллифлари, шунингдек, замонавий АЭС қурилиши лойиҳаларида ҳам бирор бир тижорат лойиҳасини топа олмаганликларини ажабланиш билан қайд этади. Боз устига, математик моделлаштиришга асосланиб олинган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, аслида бизга «арзон ва соф энергия» деб айтиладиган ядро энергетикаси, иқтисодий зарарга ишлаши эҳтимоли кўпроқ бўлиб, бутун дунё бўйича АЭСлар йилига ўртача 4,8 миллиард евро зарар билан ишлар экан. Албатта, ҳисоб-китобларни мутлақ ҳақ дейиш ҳам қийин ва муаллифлар унда солиштирма капитал харажатлар, чакана истеъмол бозоридаги мавжуд нархлар ва бошқа параметрлар борасида, муайян тахмин ва қўпол яхлитлашларга ҳам йўл қўйган; бироқ тенденция барибир ижобий эмаслиги яққол кўриниб турибди. Боз устига, Лазард молиявий институтининг маълумотига кўра, масалан, ўша АҚШнинг ўзида ҳам АЭС ишлаб чиқарган ҳар кВт/соат электр энергиясининг нархи, бошқа исталган усулда олинган шунча миқдордаги электр энергияси нархидан қимматга тушар экан.
Ҳисобот якунида муаллифлар АЭС қурилиши борасидаги лойиҳаларнинг яна бошқа субъектив жиҳатларига ҳам тўхталиб, улардаги чиқимларни ҳам инобатга олинса, иқтисодий таҳлил янада салбий хулосалар тақдим қилишига урғу берган. Хусусан, ядро реакторлари учун муттасил уран етказиб бериб туриш билан боғлиқ харажатлар, уранни қазиб олиш ва ташишдаги радиация чиқиши, фаолияти тўхтатилган АЭСлардан қутулиш борасидаги ҳали ҳеч ким аниқ билмайдиган харажатлар, радиоактив чиқиндиларни кўмиш ва йўқ қилиш билан боғлиқ чиқимлар сингари гўёки «иккиламчи» чиқимлар ҳам борки, булар ҳам инобатга олинса, ядро энергетикаси аслида нақадар ғалвали ва серчиқим соҳа экани яққол кўриниб қолади. Атом энергетикаси ривожланган кўплаб мамлакатларда соҳанинг ушбу «иккиламчи» харажатлари жамият томонидан (солиқ эвазига албатта) қопланади. Атом энергетикаси билан боғлиқ лойиҳаларнинг хатарини эса жаҳондаги ҳеч бир суғурта компанияси бўйнига олмайди.
Шу ва шу каби объектив ва субъектив жиҳатларни инобатга олган ҳолда, DIW Berlin атом энергетикасининг тараққиёти борасида, айниқса уни иқлим муҳофазаси учун аҳамияти борасидаги баландпарвоз шиорларга учмасликка чақиради. Сарлавҳада ўқиганингиздек, хулоса қисқа ва лўнда: «жуда қиммат ва хатарли».
P.S.
Бугунги кунда атом энергетикаси соҳасида жаҳоннинг етакчи давлати АҚШ бўлиб, у ерда 97 та АЭС ишлаб турибди. Бироқ атом энергетикасининг жадал ривожи борасида ҳозирда Хитой етакчи бўлиб, мамлакатдаги ядровий лойиҳаларнинг умумий қуввати 2026 йилга бориб 100 ГВтга етиши кўзда тутилган. Бу вақтга келиб Хитой атом энергетикаси кўлами бўйича АҚШдан ўзиб кетиши аниқ. Бундан ташқари, ХХР «Бир макон – бир йўл» дастури доирасида ҳамкор мамлакатлар ҳудудида 30 та реактор қуришни ҳам режалаштирган.
Музаффар Қосимов
Изоҳ (0)