22 август, пайшанба куни Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият мавзусидаги мерос ҳафталиги»га старт берилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқов, UNESCO’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари в.б. Фуад Пашаев, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамияти Илмий кенгаши аъзоси Фредерик Старр, Фанлар Академияси президенти Беҳзод Йўлдошев ҳамда академик Эдвард Ртвеладзелар сўзга чиқди.
Ҳафталикни Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди: «Бугун Ўзбекистон ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида янгиланиш даврини бошдан кечирмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам, ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон хорижликларда нафақат ўзининг жаҳон эътироф этаётган туристик салоҳияти, балки бизнес юритиш учун мавжуд имкониятлари ҳамда бой маданий мероси билан ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Бошланаётган Маданий мерос ҳафталигимиз бизнинг ҳамкорликдаги меҳнатимиз самараси бўлади. Унда давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари билан бир қаторда хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган илмий ташкилотлар ва халқаро фондлар вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, 26 август куни Самарқанддаги маданий меросни асраш ва ривожлантириш муаммоларига бағишланган конференцияда иштирок этаётган бош котиб Одри Озуле хоним бошчилигида UNESCO ташкилотига миннатдорчилик билдираман. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Ўзбекистон UNESCO билан мамлакат кесимидаги дастурни юритаётган ягона мамлакат ҳисобланади».
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. «Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси ўлароқ яратилаётган шароитлар, шунингдек, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда ижтимоий бизнес вакилларининг бир ғояда бирлашиши бу каби дунёда ягона лойиҳани амалга ошириш имконини беради. Бу нафақат олимлар учун илмий материал бўлиб хизмат қилади, балки ёш авлод учун ўзига хос маънавий озиқа ҳамдир», — дейди у.
Шу билан бирга, академик Эдвард Ртвеладзе дунёнинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ҳамда фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш кераклигига эътибор қаратди. Илф-фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири бўлиб, ҳукуматнинг қатор ҳужжатларида ўз аксини топгани, миллий маданий меросни сақлаш масаласи эса давлат раҳбарининг диққат марказида экани қайд этилди. «Айнан шу эътибор ва тегишли шароитларнинг яратилиши — лойиҳани муваффақиятли амалга оширишнинг гаровидир», — хулоса қилди у.
Худди шу куни Ўзбекистоннинг жаҳон коллекцияларида сақланаётган ҳамда Ўзбекистон музейларидаги маданий меросга бағишланган 20 та янги альбом-китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Уларнинг бари жаҳоннинг нуфузли олимлари, тадқиқотчилари, таниқли музейлар вакиллари ҳамда ноёб коллекциялар эгалари томонидан ўтказилди. Бу альбомларнинг ўзига хослиги уларда энг янги технологияларнинг қўлланганлигида — китоблар тўлдирилган реаллик эффектига эга бўлиб, улар Ўзбекистондаги биринчи шундай китоблар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган ҳужжатли фильмлар тақдимоти ҳам йиғилганларни бефарқ қолдирмади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ўтказилган «Кушонлар хазинаси» ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида ноёб қадимий қўлёзмаларга бағишланган кўргазма бўлиб ўтди.
Кун давомида ўтказилган барча тадбирлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди, уларнинг бари сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар амалда яққол самара бераётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)