22 август куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтказиладиган I Халқаро инвестиция форумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур форумга хорижий давлатлар компаниялари ва дипломатик корпус вакиллари ташрифи кутилмоқда. Форум Сирдарё вилоятининг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга янгича импулс бериб, ҳудудга тўғридан тўғри инвестицияларни жалб қилиши кутилмоқда.
Тадбир дастуридан сексион йиғилишлар, Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда инвестицион салоҳияти тақдимотлари, ҳамкорлик шартномаларини имзолаш маросими кабилар ўрин олган. Шу билан бирга, вилоятда «Гул байрами», «Қушлар кўргазмаси», «Қовун сайли» оммавий-маданий тадбирларини ҳам юқори савияда ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилоятида туристик ахборот марказларининг очилиши давом этмоқда. Президентнинг жорий йил 5 январидаги фармонига мувофиқ, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги сайёҳлар ташриф буюрадиган машҳур объектлар, сайёҳлик маршрутлари ва ҳар бир ҳудуднинг марказий қисмларида туристик ахборот марказларини (инфокиосклар) ташкил этиш ишлари давом этмоқда. Жумладан, Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан Гулистон шаҳри Ўзбекистон кўчаси «Мадрахим Қосимов» МЧЖга қарашли «БоокСафе»да ана шундай ахборот марказлари ташкил этилди.
Мазкур инфокисоклар фаолияти туристларга енгиллик ва қулай шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш ва ушбу лойиҳалар орқали шаҳарга ташриф буюрувчи туристлар оқимини янада оширишга йўналтирилган. Шу билан бирга, Гулистон шаҳрининг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар ҳам тарқатилиши йўлга қўйилди.
Изоҳ (0)