Вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 16 август куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди.
«Вазир биринчи Каспий иқтисодий форумининг муваффақиятли ўтгани муносабати билан Туркманистон президенти ва биродар халқига Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг оташин саломи ва самимий табрикларини етказди», — дейилади Ўзбекистон ТИВ ахборотида.
Мулоқот чоғида икки томон кун тартибининг асосий масалалари, кўп қиррали Ўзбекистон—Туркманистон алоқаларини яна ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Суҳбат давомида БМТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ҳамда бошқа глобал ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги алоқаларга доир масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)