«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ташаббуси билан «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида сўз борди.
Хусусан, мазкур қарор 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар консепсиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида қабул қилинган. Унга мувофиқ, «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти негизида учта акциядорлик жамияти – «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» ташкил этилди. Бу ўзгаришлар мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий услубларига ўтишнинг муҳим омилларидан бири бўлди.
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан қарорнинг мазмун-моҳияти, унинг мақсади ҳамда вазифалари, вилоятда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш ишларини янада яхшилаш учун олиб борилаётган ишлар ҳамда бу борада «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ ва унинг жойлардаги идоралари олдида турган вазифалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, корхонада янги ташкил этилган Ахборот хизмати фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича ОАВ вакиллари ва журналистлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш борасида меморандум имзоланди.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)