Кўпинча чақмоқ атрофдаги баландроқ қурилган объектларга, масалан, биноларнинг тутун чиқариш воситаларига, ёнғинга қарши қурилган депо минорасига ёки айрим якка турган биноларга тушиши мумкин, дея ёзади Самарқанд вилояти ФВБ ходими сержант М.Соҳибназаров.
Жуда баланд объектлар, масалан, радиотелевидение антенналарига, минораларга чақмоқ унинг учига эмас, балки бирмунча пастки нуқтасига тушади, буни объектлар ўз атрофига тўпланган зарядлар таъсири сифатида кўрсатиш мумкин. Чақмоқнинг ёғоч асосларга ўрнатилган металл ўтказгичлар ва алоқа воситаларига тушиши жуда хавфли ҳисобланади. Катта амплитудага эга бўлган электр зарядлари алоқа симларига ўтиши уларнинг ўтказгич симлари орқали тез тарқалишига олиб келади ва бу симларга уланган радио карнайлари, алоқа воситалари ва аппаратураларнинг бузилиши ҳамда улар орқали ерга ўтиши натижасида кутилмаган ердан ёнғин чиқиши ва кутилмаганда алоқа воситаларидан фойдаланаётган одамларни электр таъсирига тушиб қолишига сабабчи бўлади. Чақмоқнинг катта қувватдаги электр ўтказиш линияларига тушиши электр зарядларининг ерга ўтиб кетишига, шунингдек, электр ўтказгичлар ўртасида бир-бирига нисбатан ёйсимон тўқнашув пайдо бўлиши, симлардаги токнинг автоматик ўчириб қўйилишига олиб келади, баъзи ҳолларда электр симларининг кучли кучланишини кўтара олмасдан эриб, узилиб кетиш ҳоллари ҳам бўлиши мумкин.
Шунингдек, чақмоқлар ер юзига тушганда кўпроқ баланд дарахтларга (айниқса терак, чинор, тут ва мевали дарахтларга) уриши мумкин. Шу сабабли чақмоқ пайтида баланд дарахтлар остидан паноҳ изламанг.
Ёпиқ бинолар ва автомобиль салони чақмоқ уришидан яхши ҳимоя жойи бўлиши мумкин, бироқ бино ичидаги ерга уланган металл қисмлар ва автомобилнинг металл қисмларига асло тегиш мумкин эмас.
Чақмоқ урган жойда бўлган инсонлар унинг турли таъсирларидан жабрланиши мумкин. Масалан, биринчи навбатда етиб келадиган салбий таъсири кучли ёруғлик нуридан кўз пардаларининг шикастланиши, кучли электр токидан тўқималар ва ички аъзолар, юқори энергия ҳароратидан тери ва тана аъзоларнинг куйиши, зарба тўлқинидан ташқи аъзолар ва суяклар шикастланиши, кучли товуш тўлқинидан эшитиш тизими, қулоқ пардалари жароҳатланиши мумкин. Кучли чақмоқ урган одамнинг танасида куйган чуқурчалар ёки кўкимтир-қора доғлар пайдо бўлади. Электр токи инсон танасида сақланиб қолмайди, шу сабабли чақмоқ урган одамга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин. Бунда биринчи навбатда унинг нафас олиш жараёни тикланиши шарт, у нафас олмаётган бўлса сунъий нафас бериш, ўпка реанимацияси ўтказилади. Шу билан бирга юрак уриши текширилиб, юрак урмаётган бўлса, давомли юрак массажи реанимацияси ҳам олиб борилиши ва албатта тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиниши зарур.
Эслаб қолинг, чақмоқ уришидан ҳимояланиш учун чақмоқ пайтида имкони бўлса ташқарига чиқманг, агар ташқарида бўлсангиз тезроқ ёпиқ бино ичига киринг. Автомобилда бўлсангиз тўхтаб, чақмоқ тугагунича ичида бўлиб туринг. Агар тоғда, дала-даштда бўлсангиз якка турган дарахт тагида беркинманг. Очиқ ва имкон қадар пастқам, металл буюмлардан узоқроқ, қуруқ жойда бошингизни тиззалар орасига олиб, бош устини қўл билан беркитиб, ўтириб олинг.
Чақмоқ таъсирида ҳайвонларда ҳам инсонлардаги каби шикастланиш ва жароҳатлар кузатилади.
Чақмоқ урган жойда бўлган биноларда зарба тўлқини натижасида қисман бузилиш, дераза ойналарининг синиши, кучли энергия таъсирида ёнғинлар кузатилиши мумкин.
Чақмоқ урган дарахтларда ҳам унинг шохларини синиб кетиши ва ёниш каби жараёнлар бўлиши мумкин. Унутманг чақмоқларнинг ҳам табиатда ўз вазифаси бор, чақмоқлар ернинг зарядсизланган электр майдонини тез-тез зарядлаб туради. Бундан ташқари атмосферада чақмоқлар таъсирида, бизни космос ва қуёшдан келаётган радиоактив, ультрабинафша нурлардан ҳимоялаб турувчи озон қатлами, яъни кўп миқдорда О3-озон гази ҳосил бўлади. Чақмоқларнинг электр разряди натижасида табиатда тириклик учун зарур бўлган аминокислоталар пайдо бўлади.
Ўзингизни ва яқинларинигизни чақмоқ уришидан асранг!
Изоҳ (0)