Ҳукумат қарорлари билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари ташкил этилди (2019 йил 11 июнь, 488-, 489-сон), деб хабар бермоқда Қонунчилик муаммолари институти ўз Telegram-каналида.
Мазкур қарор "Менинг фикрим" веб-порталида 2018 йил 31 августда етарли овоз тўплаган (10 928 та) «Қарши давлат университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил қилиш ҳақида»ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари асосида қабул қилинди.
Қарор билан Филиалларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Мазкур Филиалларда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Шунингдек, қарор билан ушбу Филиалларнинг васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.
Қарши давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейининг бино ва иншоотлари – Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Филиалига, Шаҳрисабз енгил саноат касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари эса Тошкент кимё-технология институти Филиалига берилди.
Мазкур академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттиради.
Изоҳ (0)