Таниқли телебошловчи, продюсер, шоумен ва «Муз-TV» (Россия) телеканали дастурий директори Андрей Разиграев шу кунларда «Йўлланмасиз таътил» кўрсатувининг навбатдаги сонини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Телекўрсатув бошловчиси Андрей Разиграев раҳбарлиги остидаги гуруҳ Хиванинг Нуруллабой саройи, Паҳлавон Маҳмуд ва Саид Алоуддин мақбаралари, Ичан Қалъа каби тарихий объектларига, шунингдек Бухоро шаҳрига ҳам ташриф буюрди. Бухорода бошловчи ош тайёрлаш бўйича маҳорат дарсига гувоҳ бўлди.
Разиграев Instagram саҳифасида ўз таассуротлари билан бўлишди:
«Бу ерда муҳит ажойиб, таомлар мазали ва ҳамма нарса ҳамёнбоп. Хива —шаҳар эмас, Марказий Осиёнингҳақиқий жавоҳири!»
Телебошловчининг таъкидлашича, тез орада Ўзбекистон сайёҳларга тўлиб кетади. Бунда у яқин кунларда «Муз-TV» телеканали эфирига чиқадиган «Йўлланмасиз таътил» травел-шоусининг навбатдаги сони ёрдам беришига умид қилади.
Тасвирга олиш гуруҳи Ўзбекистонга ташрифи давомида Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бўлади.
Изоҳ (0)