11—17 июнь кунлари АҚШ молия вазирининг техник кўмак сиёсати бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Уильям Макдоналд бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлади, деб хабар беради UzDaily.
Аввалроқ, жорий йилнинг апрель ойида АҚШнинг молия вазирлигида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев иштирокида учрашув ўтказилган эди. Унда АҚШ томони деярли барча ижтимоий-иқтисодий жиҳатларга таъсир кўрсатадиган ўзгаришларнинг динамикасини юқори баҳолаган ва Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди.
Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи чоғида Уильям Макдоналд давлат қарзи ва инвестиция бошқарув тизимини такомиллаштириш, бюджет жараёнининг самарадорлигини ошириш, банк тизимини мустаҳкамлаш ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш учун АҚШ ғазначилигидан муддатли асосда юқори малакали маслаҳатчиларни жалб қилиш истиқболларини муҳокама қилиш ниятида.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси маълумотларига кўра, учрашувлар Молия вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, Капитал бозорни ривожланиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида ўтказилади.
Изоҳ (0)