Кредит тизимининг қабул қилиниши, олий таълим соҳасидаги Европа ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришда муҳим таркибий қисм ҳисобланади. Чунки бунда болон жараёни - олий таълимда ягона Европа усулини вужудга келтириш мақсадида Европа давлатлари таълим тизимини бир-бирига яқинлаштириш назарда тутилган. Болон жараёни олий таълим кредит тизими учун умумлаштирилган асос бўлиб, у талабаларнинг мобиллигига, халқаро ўқув дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашишга йўналтирилган ва олий таълим тизимининг сифати ва мавқеини янада оширишга хизмат қилади, деб маълумот беради Zarnews.
ТАТУ Самарқанд филиалида 2018—2019-ўқув йилидан бошлаб ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилди.
Бундан кўзланган мақсад - бу ўқув жараёнига дунё олий ўқув юртларида кенг тарқалган ўқитишнинг кредит тизимини жорий қилиш орқали университетнинг жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари қаторига киритилишини таъминлашдан иборат. Ўқитишнинг кредит тизимида талабанинг ўзлаштириш даражаси маълум миқдордаги кредитлар суммасининг йиғишига боғлиқ бўлади. Йиғиладиган умумий кредитлар талабанинг дарслардаги фаол иштироки, муайян ўқув курси давомида олинган тест натижалари, илмий изланишлар, оғзаки ва ёзма имтиҳонлар, амалиёт натижалари асосида белгиланади.
Бундай таълимнинг қуйидаги афзалликлари мавжуд: талаба таълим жараёни даврида чет эл ўқув юртларида ёки ўзга таълим юртида таҳсил олиб, сўнгра ўқишни давом эттира олиши мумкин; ўқув жараёнида чет эл ўқув юртлари ва ташқи муассасалардан малакали мутахассислар жалб этилади; чет эл олий таълим муассасалари амалиётидан келиб чиққан ҳолда ўқув дастурлари ишлаб чиқилади; талабалар истагидан келиб чиққан ҳолда фан ва ўқитувчини танлаш имкониятига эга бўладилар ва ҳоказо.
АҚШ ва Европа мамлакатларининг олий ўқув юртларида кенг тарқалган кредит таълим тизими ўзининг мослашувчанлиги ва самарадорлигини кўрсатяпти. Мазкур тизим битирувчиларнинг академик ҳаракатчанлигини таъминлаб, бугунги ўзгарувчан меҳнат бозорида уларга бўлган талабни оширмоқда. Бунда меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда таълим дастурларининг мослашувчан тузилиши, таълимга ахборот тизимларининг жорий қилиниши ва талабаларнинг мустақил ишлашга ўргатилишининг ўрни катта аҳамиятга эга бўлади. Умуман олганда, кредит - бу талабага қўйиладиган ўқув юки ҳажмини аниқлашнинг шартли бирлиги. У талаба томонидан ўқув ишларининг бажарилишига ажратилган соатлардан иборат бўлади. Кредит - талабанинг иш ҳажми ўлчов қиймати ҳисобланиб, 1 кредит ҳажми ҳафтасига 30 соат юкламага тенг бўлади. Ҳар хил фанлар ҳар хил кредит қийматига эга бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқиб, юклама соати ҳам фарқ қилади ва юкламанинг ярим қисми мустақил ишга ажратилади. Олий маълумот ҳақида диплом эса фақатгина 240 кредит олгандан сўнг талабага берилади. Шу билан бирга қатъий чоралар ҳам мавжуд. Масалан, талаба битта фандан машғулотларни 10 соатдан кўп узрли сабабларсиз қолдирса, бевосита ўқитувчининг ўзи уни фандан "четлаштиради". Фанни ўзлаштира ололмаса ёки фандан четлаштирилганда, талабага таътил вақтида ушбу фан бўйича пуллик қайта ўқиш имконияти берилади.
Кредит тизимида талаба ўзида куч ва иштиёқ топа олса, бошқа йўналиш маърузаларида ҳам қатнашади ва керакли кредит балларини тўпласа, бир йўла иккита мутахассисликни эгаллайди. Бу билан кредит тизимида факультетлараро дарслар ўртасида ҳам мобиллик юзага келади. Масалан, қайсидир ўқитувчи қизиқарли маъруза қилади. Унда нафақат битта курс, балки бошқа факультетлар талабалари ҳам қатнашиш имконига эга бўлади. Бунда қуйидагилар эътиборлидир: биринчидан, тўпланган кредит баҳолари ўзгармаслиги туфайли, у билан исталган мос олийгоҳга ўқишни кўчириб ўтиш қийин бўлмайди; иккинчидан, талабалар истагидан келиб чиққан ҳолда, фан танлаш имкониятига эга бўлади. Албатта, бу ўринда мажбурий ўрганилиши лозим бўлган фанлар ҳам бор, аммо талаба мустақил танлов фанларини белгилаши мумкин.
Шунингдек, тизимни жорий этиш ТАТУга хорижий университетлар билан талабалар, профессор-ўқитувчилар ва педагог кадрларни алмашиш, ўқитувчига янги педагогик технологиялар ва ўқув жараёнининг оқилона шаклларини ривожлантириш орқали ўзининг илмий-педагогик даражасини ошириш имконини беради. Асосийси, бу тизимда талабалар ўзларининг мустақил таълим дастурини шакллантириб, билимларини баҳолашнинг шаффофлигини таъминлай олади.
Изоҳ (0)